Испания Давлат метеорология агентлиги (AEMET) жорий йилнинг кузида кучли сув тошқинидан жиддий зарар кўрган Валенсия провинцияси учун яна максимал об-ҳаво огоҳлантиришини эълон қилди.
Бу ҳақда агентликнинг ижтимоий тармоғидаги хабарида айтилган.
"Валенсия провинциясида (соҳилбўйи зоналарида) қизил сигнал даражаси. Ҳар квадрат метрга 180 литрдан ортиқ сув тўрт-беш соат ичида тўпланиши мумкин. Хавф ўта оғир. Саёҳатдан сақланинг. Дарёлар тошиб кетиши ва сув тошқини бўлиши мумкин", — дея таъкидлайди агентлик.
Аввалроқ Андалусия ва Каталонияда ёмғир туфайли қизил огоҳлантириш даражаси эълон қилингани хабар қилинганди. Шу тариқа, ёмонлашган об-ҳаво шароитида мамлакат ҳукумати Малага провинциясининг қирғоқбўйи ҳудудларида яшовчи қарийб 3 минг кишини эвакуация қилди.
Эслатиб ўтамиз, 29 октябрь куни Испаниянинг турли ҳудудларида кучли ёғингарчилик бўлган эди. Сув тошқини қурбонлари сони 220 кишидан ошди. Табиий офатлар Испания шарқидаги энг кўп зарар кўрган Валенсиянинг йўл инфратузилмасига жиддий зарар етказди.