Жорий йилнинг дастлабки икки ойи якунларига кўра, Ўзбекистон газнинг соф экспортчисига айланди. Бу ҳақда Spot ўрганган Миллий статистика қўмитаси маълумотида келтирилган.
Январ-феврал ойларида Туркманистон ва Россиядан “кўк ёқилғи” импорти деярли уч бараварга — $35,8 млнгача камайди. Январ ойида табиий газ етказиб бериш $27,8 млнни ташкил этиб, 2024-йилнинг шу даврига нисбатан 5,4 баробарга ўсди, бироқ феврал ойида $8 млнгача камайди.
Йил бошидан бери Хитойга газ экспорти ярмидан кўпроққа ошиб, $42 млнга етди. Хусусан, январ ойида Хитойга $21,8 млн (2024-йил январига нисбатан ўсиш 9%), феврал ойида эса $20,2 млн (уч баробар ўсиш) газ етказиб берилди.
Бироқ, Миллий статистика қўмитаси маълумотлари Хитой Божхона бош бошқармаси маълумотларидан сезиларли даражада фарқ қилади. Унга кўра, Ўзбекистон январ-феврал ойларида $49,4 млнлик газ экспорт қилган, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13,85% га кам.
Бундан ташқари, Хитой божхонаси Ўзбекистондан табиий газ етказиб беришнинг ойлик ҳажми январ ойидаги $26,1 млндан (олдинги даврга нисбатан 32,6% га пасайиш) феврал ойида $23,3 млнгача (ўсиш 25,2%) қисқарганини маълум қилди.
Хитойга газ экспорти бўйича етакчилик Россияга ўтди, мамлакат жорий йилнинг дастлабки икки ойида $1,75 млрдлик “кўк ёқилғи” етказиб берган. Туркманистон эса $1,38 млрд билан кутилмаганда иккинчи ўринга тушди. Кейинги ўринларда Мянма ($277,1 млн), Қозоғистон ($170,2 млн), шунингдек, АҚШ ва Италия турибди.
Аввалроқ йил бошидан буён Ўзбекистонда дизел ишлаб чиқариш 40% га, бензин ишлаб чиқариш эса 21% га тушиб кетгани ҳақида хабар берилганди.