Ўзбекистоннинг давлат ва хусусий қарзни ўз ичига олувчи ташқи қарзи 9 ой якунларига кўра 60,2 млрд долларга етди. Йил бошидан буён бу кўрсаткич 7,2 млрд долларга кўпайди.
Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 30 сентябрь ҳолатига кўра, 60,2 млрд долларни ташкил қилди. Бу Марказий банкнинг тўққиз ойлик якунлари бўйича тўлов баланси, халқаро инвестициавий мавқе ва мамлакат ташқи қарзи тўғрисидаги маълумотларидан келиб чиқади.
Ташқи қарз давлат қарзи ва хусусий қарзлардан иборат ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, «хусусий» секторда қайд этилганлар орасида асосан давлат улушдор бўлган компаниялар ва банклар бор (давлат банк секторининг 68 фоизга яқин улушига эгалик қилади, шунингдек, 2019−2021 йилларда жами млрдлаб долларлик қарз қоғозларини муомалага чиқарган UzAuto Motors ва «Ўзбекнефтгаз», Ўзбекистон Миллий банки, «Ўзсаноатқурилишбанк» каби ташкилотлар эгаси ёки улушдорларидан бири ҳисобланади).
Давлат ташқи қарзи қарийб 32,5 млрд долларни, корпоратив (хусусий) ташқи қарз 27,7 млрд долларни ташкил этди.
Йил бошидан буён ташқи қарз умумий ҳисобда 7,2 млрд долларга ошди. 2023 йил якуни бўйича кўрсаткич 53 млрд долларни, жумладан, давлат қарзи 29,7 млрд долларни, хусусий қарз эса 23,3 млрд долларни ташкил этган.
Охирги икки йилда хусусий ташқи қарз умумий ташқи қарз ўсишининг тезлашишига сабаб бўлаётган асосий компонентга айланди.
Умумий ташқи қарзнинг тузилиши ва динамикаси бўйича батафсил маълумотлар охирги марта 2,5 йил аввал Марказий банкнинг 2022 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича ҳисоботида эълон қилинган эди.
«Газета.uz» аввалроқ 2025 йилда Ўзбекистон давлат қарзи 39,7 млрд доллардан 45 млрд долларгача ўсиши (+13,3 фоиз), унга хизмат кўрсатиш харажатлари эса 48,1 трлн сўм ёки 3,5 млрд долларгача (+42,8 фоиз) ўсиши прогноз қилинаётгани ҳақида ёзганди.
S&P рейтинг агентлиги ноябрь ойи охиридаги ҳисоботида таъкидлаганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон энергетика соҳасига инвестициялар, тоғ-кон саноати қувватини кенгайтириш бўйича лойиҳалар ва бошқа инфратузилма лойиҳалари, шунингдек, ижтимоий харажатларни кўпайтирди. Бу 2020−2023 йилларда соф давлат қарзи (шу жумладан давлат томонидан кафолатланган қарз) ўсиш суръатининг тезлашишига (ялпи ички маҳсулотга нисбатан йилига ўртача 6,3 фоиз) ҳамда давлат қарзи ва умумий ташқи қарз ҳажмининг тез суръатларда ўсишига олиб келди.
Таҳлилчиларнинг прогнозларига кўра, жами давлат қарзи (давлат томонидан кафолатланган қарзларни ўз ичига олади) 2023 йилдаги ЯИМга нисбатан 34 фоиздан 2027 йилда ЯИМга нисбатан 43 фоизгача ошади. 2023 йил апрель ойида қабул қилинган «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонунда қарзнинг доимий чегараси ЯИМнинг 60 фоизини ташкил этиши ва кўрсаткич 50 фоиздан ошганда тузатувчи чоралар кўрилиши белгиланган.
«Биз 2024 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 4,6 фоизини ташкил этган, давлат билан алоқадор ташкилотларнинг (ДАТ) кафолатланмаган қарзлари ҳукумат балансига ўтиши эҳтимоли билан боғлиқ баъзи хавфларни қайд этяпмиз. Сўнгги йилларда ДАТлар асосан энергетика ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун, айниқса, хорижий валютада қарз олишни сезиларли даражада оширди», — дейилади ҳисоботда.