Бугун 5 декабрь, 2025 йил, жума

O'ZB

Ўзбекистонлик муҳандиснинг гуманоид роботлар стартапи 2,4 миллион доллар инвестиция жалб қилди (ФОТО+ВИДЕО)

A A A
Ўзбекистонлик муҳандиснинг гуманоид роботлар стартапи 2,4 миллион доллар инвестиция жалб қилди (ФОТО+ВИДЕО)

2025 йил ноябрининг иккинчи ҳафтасида Кремний водийсида гуманоид роботлар билан шуғулланувчи Humanola компанияси инвестицияларни жалб қилишнинг “seed” раундини якунлади. Бунда Массачусетс штати Бостон шаҳридаги Link Ventures венчур компанияси асосий инвестор сифатида намоён бўлди.

Humanola гуманоид роботларни масофадан туриб бошқаришни ривожлантиришга бел боғлаган бўлиб, компания жамоасининг олий мақсадларидан бири — Марс сайёрасида олиб бориладиган ишларини Ердан туриб бошқаришга ҳисса қўшиш.

Компания асосчиларидан бири — ўзбекистонлик муҳандис Санжар Атамуродов. У яқинда “Georgia Tech” номи билан танилган, дунёда топ саксонталикка кирган, муҳандислик соҳасида эса АҚШда биринчи ўринларда турувчи Жоржия технологиялар институтидаги лабораторияда тадқиқот дастурини якунлаб, истиқболли стартапга киришган эди.

Ўзбекистонлик муҳандиснинг гуманоид роботлар стартапи 2,4 миллион доллар инвестиция жалб қилди (ФОТО+ВИДЕО)

АҚШга кўчиб кетгунга қадар, у Жанубий Кореядаги KAIST университетида компьютер фанлари бўйича бакалавр дастурини тамомлаган. KAIST ушбу соҳа бўйича Кореяда 1-, дунёда 33-ўринда турувчи олий таълим муассасасидир.

Сунъий интеллект ва роботлар бозори келажакда триллионлаб долларлик бўлади. Шунинг учун кўпроқ ёшларимиз бу соҳада ўзларини синаб кўришларини, ўрганишларини ва ўз стартапларини яратишларини хоҳлардим.
Америкада маҳаллий венчур фондларидан инвестиция олаётган ўзбек фаундерли компаниялар сони ортиб бораётганидан жуда хурсандман
”, деб ёзди ўзбекистонлик таниқли ишбилармон, Express24, Numeo компаниялари асосчиси Акмал Пайзиев.

Aniq.uzга берган интервьюсида Санжар Атамуродов шундай дейди:

Ўзбекистонлик муҳандиснинг гуманоид роботлар стартапи 2,4 миллион доллар инвестиция жалб қилди (ФОТО+ВИДЕО)

“Ҳозирда бирламчи мақсад — бундай роботлардан инсон учун хавфли, масалан, нурланиш даражаси юқори бўлган ёки жисмоний зарар кўриш эҳтимоли мавжуд бўлган ҳудудларда, кимё каби соҳаларда фойдаланиш. Лекин ривожланиб бориш асносида уни қўллаш доираси ҳам кенгайиб боради.
Маҳсулот аллақачон реализацияга қўйилган. Ҳозиргача иккита компания ундан ўз муаллифлик роботларининг масофавий бошқаруви учун фойдаланмоқда.
Биз учун пировард мақсад — роботларга сунъий идрок имкониятлари асосида инсон каби фикрлаш ва ҳаракатланиш қобилиятини тақдим этиш. Nvidia, Google, Tesla каби гигантлар ҳам бунинг амалий ечимлари учун жуда катта пул тикишмоқда. Кейинки 12 ой давомида ишланмаларни якунига етказиб, бошқа компанияларга ўз тайёр таклифимизни бериш орқали юқори самарадорликка эга роботларни кундалик ҳаётга олиб киришни кўзламоқдамиз.”

Муаллиф: Маҳбуба Ҳасанова

Киритилди: 18:42 20.11.2025. Ўқилди: 883 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!