Машҳур опера хонандаси, Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри солисти — Яника Багрянская Туркия клиникаларидан бирида узоқ давом этган касалликдан сўнг вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги консулхонаси маълумот берди.
Яника Багрянская Тошкент давлат консерваториясини тамомлаб, йигирма йилдан ортиқ вақт давомида театрнинг етакчи меццо-сопрано хонандаларидан бири бўлиб келган.
У «Романсиада» халқаро романси танловининг II даражали мукофоти совриндори, халқаро фестивалларда фаол иштирок этган ҳамда ўзининг юқори профессионал маҳорати, саҳна ижодкорлиги ва санъатга муносабати билан халқимиз ичида танилган эди.
Ўзбекистон Республикасининг Истанбулдаги Бош консулхонаси марҳуманинг яқинлари ва оиласига чуқур таъзия билдириб, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан ҳамкорликда марҳуманинг яқинларига зарурий консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилганини билдирган.