Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиев Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасд юзасидан фикрларини билдирди.
Депутат Чеченистон президенти Рамзан Қодировнинг Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашиши, шунингдек, ўзбек давлат амалдорларига нисбатан таҳдид билдириши ёки босим ўтказишини мутлақо қоралашини маълум қилди.
“Бундай ҳаракатлар икки дўст давлат муносабатларига салбий таъсир кўрсатиши ва ҳар икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстона алоқаларга зарар етказиши мумкин. Мен Россия Бош прокуратурасидан Рамзан Қодировнинг ўзбек мулозимларига таҳдиди юзасидан ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришини сўрайман”, деб ёзади у.
Одилжон Тожиев Рамзан Қодиров ўзининг кечаги муносабати учун Ўзбекистон халқидан очиқдан очиқ узр сўраши кераклигини таъкидлади.
“Шу билан бирга, агар у дўст бўлса, Ўзбекистон Бош прокуратурасига қидирувда бўлган Беслан Расаев ва Шамил Темирхановни топишда амалий ёрдам бериши ва уни Ўзбекистонга топшириши лозим”, дея қўшимча қилади депутат.