Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан мамлакатимиз махсус борти ҳалокатли зилзилалар натижасида жабрланганларга шошилинч ёрдам кўрсатиш мақсадида Газиянтеп шаҳрига (Туркия) етиб келди.
Бортда умумий сони 71 кишидан иборат қўшимча қидирув-қутқарув ва тиббиёт ходимлари гуруҳи билан бир қаторда, навбатдаги гуманитар ёрдам партияси ҳам етказилди.
Жабрланганларга ёрдам бериш мақсадида Мудофаа вазирлиги тиббий отрядининг 50 нафар ходими хизмат қиладиган бир гектар майдонга тўққизта алоҳида бўлинмадан иборат кўчма шифохона мажмуасини жойлаштириш режалаштирилган. Ушбу дала шифохонаси Ўзбекистондан келтирилган барча зарур тиббий асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар билан тўлиқ таъминланади.