Бугун 26 март, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Ўзбекистонда хотин-қизлар қонун ва суд ҳимояси остида: тазйиқ ва зўравонликка қаршиамалий чоралар

Ўзбекистонда хотин-қизлар қонун ва суд ҳимояси остида: тазйиқ ва зўравонликка қаршиамалий чоралар

Ўзбекистонда жаҳон миқёсидаги долзарб муаммолардан бири - хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш йўналишида сўнгги йилларда кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни ҳар қандай зўравонликдан ҳимоя қилиш, гендер тенглигини қарор топтириш Давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Мазкур ислоҳотлар нафақат ҳуқуқий нормаларни такомиллаштириш, балки жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, маънавий-маърифий тарбияни кучайтиришга тадбирларининг муҳим жабҳаси бўлиб келмоқда.

Ўзбек мутафаккирлари ҳам масалага асрлар давомида катта аҳамият берганлар. Алишер Навоий хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини юксак баҳолаб, уларнинг ҳурматини сақлашни инсонликнинг энг олий фазилати деб ҳисоблаган.Махбуб ул-қулуб асарида «Аёлларни ҳурмат қилиш — инсоннинг энг олий фазилатидир» деганлар. Абу Райҳон Беруний эса “Оила тинчи аёлларнинг донолиги ва ҳимоясига боғлиқ”, деб урғу берган. Бу улуғ мутафаккирларнинг фикрлари бугунги ислоҳотларнинг маънавий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Хусусан, 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ЎРҚ-561-сонли ва «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги ЎРҚ-562-сонли Қонунлари бу соҳадаги муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлди. 2023 йилдан оилавий зўравонлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди. Шунингдек, Олий Мажлис ҳузурида хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита фаолият юритмоқда, у хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида самарали иш олиб бормоқда.

Мамлакат миқёсида “Аёллар дафтари” тизими орқали манзилли ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилган. Ҳимоя ордери тизими жорий этилган, реабилитация ва мослаштириш марказлари ташкил этилган, 1146-ишонч телефони орқали доимий маслаҳатлар берилмоқда. Бандлик ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастурлари ҳам хотин-қизларнинг иқтисодий мустақиллигини оширишга хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон БМТ ва UN Women ташкилотлари билан ҳамкорликда гендер тенглиги ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган қатор дастурлар амалга оширилмоқда.

Таълим муассасаларида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда, оммавий ахборот воситалари орқали ҳуқуқий тарғибот кучайтирилган, маҳалла институти орқали оилалар билан профилактик суҳбатлар олиб борилмоқда. Бу чоралар зўравонликнинг олдини олиш ва жабрланувчиларга тезкор ёрдам кўрсатишнинг самарали механизмига айланган.

Бу ўткир ижтимоий муаммо юзасидан тадбирларда фуқаролик ишлари бўйича судларнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Юқорида кўрсатилган ислоҳотларнинг амалий самараси таъминланган ҳолда суд тизимида зўравонликка нисбатан муросасиз позиция ўрин олган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 23 июндаги 15-сонли қарорида оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахснинг талабига кўра ярашиш учун муҳлат тайинланмаслиги белгиланган. Бу қарор суд амалиётини янада такомиллаштириб, зўравонлик ҳолатларида фуқаролик судлари жабрланувчининг ҳуқуқ ва хавфсизлигини биринчи ўринга қўйишни таъминланган.

Фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро суди томонидан 2026 йил январь ойидан 2026 йил 24 мартга қадар 217 та никоҳдан ажратиш ҳақидаги фуқаролик ишлари жамоатчилик вакиллари: маҳалла фаоллари, хотин-қизлар ташкилотлари вакиллари иштирокида кўрибчиқилган. Бундан 147 таси бўйича даъво қаноатлантирилган, 54 та иш рад этилган, 14 та иш кўрмасдан қолдирилган ва 2 та иш юритишдан тугатилган.

Мазкур тоифа ишларни кўриш жараёнида оилавий муҳит чуқур ўрганилиши ва келгусида аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан асраш бўйича профилактик чоралар кўрилиши таъминланмоқда.Масалан 1 та фуқаролик иши бўйича оилавий зўравонлик ҳолати ўз тасдиғини топгани, зўровонга нисбатан қонуний чора кўрилганлиги инобатга олиниб, тарафларга муҳлат берилмасдан кўриб чиқилиб, даъво қаноатлантирилган. Мазкур иш юзасидан бундай ҳолатларнни келгусида олдини олиш юзасидан суд томонидан қонун талабига мовофиқ зарур тушинтиришлар берилган.

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини юксак баҳолаб: “Инсон ҳаётини, жамият тараққиётини хотин-қизларсиз, уларнинг эзгу фазилатларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Биз сизларнинг тимсолингизда Учинчи Ренессанс бунёдкори бўлиб майдонга чиқаётган 22 миллионлик ёш авлодни оналик меҳри билан тарбиялаб, вояга етказган буюк бир кучни кўрамиз. Сизлар тадбиркор, олим, муаллим, шифокор, муҳандис, давлат ва жамоат арбоби, бир сўз билан хонадонларимиз фариштаси, оила ва жамият таянчи, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз”.

Хулоса ўринда айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикасида хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг самадорлигини таъминлаш учун жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни ошириш ишларини давом эттириш муҳим аҳамият касб этади. Бу йўлда ҳар бир фуқаро, ҳар бир оила ва бутун жамиятнинг фаол иштироки зарур. Фақат шундагина Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳақиқий ҳимояси ва тенг имкониятлари тўлақонли таъминланади.

Бахтиёр Алимжанов, Фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро суди судьяси

Киритилди: 22:52 25.03.2026. Ўқилди: 205 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!