Президент томонидан имзоланган қонун билан Халқаро меҳнат ташкилотининг Ҳақ тўланадиган таътиллар тўғрисидаги 132-сонли конвенцияси (1970 йилда қайта кўриб чиқилган) ратификация қилинди.
Ушбу қонун Қонунчилик палатаси томонидан 27 августда қабул қилиниб, Сенат 24 октябрда маъқуллаганди.
Ҳужжат ҳақ тўланадиган йиллик асосий энг кам меҳнат таътилининг давомийлиги 21 календарь кундан иборат экани ҳамда қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиёт тармоқларида банд бўлган барча ходимлар учун қўлланиши бўйича баёнот билан ратификация қилинди.
Конвенциянинг асосий мақсади — ходимларга дам олиш ва ишлаш қобилиятини тиклаш учун иш ўрни (лавозими), ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳамда ходим ишдан озод этилган ҳолда ҳар иш йили давомида бериладиган таътилларни таъминлашдан иборат.
Бугунги кунга қадар конвенция 75 та давлат, шу жумладан, МДҲга аъзо давлатлар орасида Россия, Беларусь, Украина, Тожикистон Қозоғистон ва Озарбайжон томонидан ратификация қилинган.
Конвенцияда меҳнат фаолияти жараёнида ва ишлаб чиқариш муҳитида меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини таъминлаш, шу жумладан, иш жойида ёки иш вақтида ишчи ва ходимларнинг соғлиғига зарар етиши билан боғлиқ бўлган бахтсиз ҳодисалар ёхуд хавфларнинг олдини олишга қаратилган талабларни янада кучайтириш назарда тутилган.
Сенат мажлисида конвенциянинг ратификация қилиниши келгусида соҳадаги миллий қонунчиликни ҳамда Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳужжатларида белгиланган меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига оид меъёрларни такомиллаштиришга, шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнидаги бахтсиз ҳодисалар, касбий касалликлар, иш вақтида юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларнинг олдини олишга қаратилган халқаро стандартларни самарали жорий этишга хизмат қилиши таъкидланганди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг маълум қилишича, Халқаро меҳнат ташкилотининг ратификация қилинган конвенциялари сони 25 тага етди.