Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йил учун тақдим этган Бюджетнома билан Ўзбекистонда 2025 йилда асосий солиқларни ўзгаришсиз қолдириш режалаштирилмоқда.
Фойда солиғи 15 фоиз, ҚҚС ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи — 12 фоиз, айланмадан олинадиган солиқ — 4 фоиз, юридик шахслар мол-мулки солиғи 1,5 фоиз бўлади. Қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ 1 куб метри учун 100 сўмга тенглаштирилади.
Товар ва хизматларни электрон платформалар орқали сотувчиларга фойда солиғини ошириш, яъни 10 фоиз (амалда 7,5 фоиз) ва айланмадан олинадиган солиқни 3 фоиз (амалда 2 фоиз) ставкада белгилаш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, ЖСТнинг субсидиялар ва компенсация чоралари тўғрисидаги битимига асосан товар ва хизматлар экспортидан олинадиган даромадлар бўйича фойда ва айланма солиқ имтиёзларини бекор қилиш таклиф этилмоқда. 2023 йилда бу имтиёзлар ҳажми 1,13 триллион сўмни ташкил этган.
Айланмадан олинадиган солиқнинг қатъий ставкалари 30/40 миллион сўм миқдорида ўрнатилмоқда ва мазкур тартибни қўллаш муддати 2026 йил 1 январь (амалда муддат белгиланмаган) этиб белгиланмоқда.
Якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий белгиланган миқдордаги солиқ ставкаларини 10 фоизга ошириш режалаштирилган. Фаолият тури ва жойлашган ҳудудига қараб минимал ва максимал ставкалар ҳам жорий этилади.
Якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий белгиланган миқдорлардаги солиқ ставкаларини инфлация даражасидан келиб чиқиб 10 фоизга ошириш режалаштирилган ва фаолият тури ва жойлашган ҳудудига қараб энг кам ва энг юқори ставкалари (диапазон) белгиланмоқда.
Жами йиллик даромади 100 миллион сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорларнинг ходимларига ойлик иш ҳақидан 12 фоиз ставкадаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ёки якка тартибдаги тадбиркор учун белгиланган қатъий даромад солиғининг 50 фоизини тўлаш ҳуқуқи берилмоқда.
Шунингдек, бозор ва савдо мажмуаларидаги бозорлардаги якка тартибдаги тадбиркорлар ходимлари учун ижтимоий солиқни БҲМнинг 1 бараваригача камайтириш таклиф этилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашларига ўрнатилган қатъий солиқ ставкаларининг энг кам ва энг юқори ставкалари (диапазони) доирасида туман ва шаҳарларнинг иқтисодий ривожланиш даражасидан келиб чиқиб якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий солиқ ставкалари миқдорини белгилаш ваколати берилмоқда.
Бундан ташқари, келаси йилдан жисмоний ва юридик шахсларнинг турар ва нотурар кўчмас мулкига солинадиган мол-мулк солиғи 10 фоизга оширилиши мумкин. Шу билан бирга, юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғининг базавий ставкаси ҳам 10 фоизга индексация қилинади.