Операция Чирчиқдаги она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказида ўтказилган. Ҳомиладорликнинг 33-34-ҳафтасида «кесарча кесиш» йўли билан муддатидан аввал дунёга келган сиам эгизаклари туғуруқдан 9 соат ўтиб, шошилинч равишда, ўта мураккаб амалиёт орқали ажратиб олинди. Мазкур юқори технологик операция Республика перинатал маркази қошидаги Неонатал хирургия маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Эргашев бошчилигидаги бир гуруҳ малакали мутахассислар томонидан бажарилди.
Ҳомиладорликнинг 33-34-ҳафтасида аёлда сув кетиш ҳолати кузатилди. Шу боис туғуруқ жараёни шошилинч равишда «кесарча кесиш» усулида амалга оширилди. Чақалоқлар умумий вазни 3400 грамм, бўйи 41 ва 40 сантиметр атрофида дунёга келди. Эгизакларнинг туғуруқдан кейин аҳволи жуда оғир эди. Дастлабки текширувда уларнинг жигар, талоқ ва буйраклари алоҳида эканлиги аниқланди. Бироқ сиам эгизаклари ингичка ичаклар ва сийдик қопи орқали бир-бирига бирлашган эди. Шунингдек, кўрик давомида сийдик қопининг аниқ эхо белгилари топилмади. Эгзакларнинг бирида эса йўғон ичак аниқланмади. Қолаверса, нафас олишдаги муаммолар сабабли гўдакларни чуқурлаштирилган инструментал текширувлардан ўтказишнинг имкони бўлмади.
— Энг хавфли томони шунда эдики, туғуруқдан кейин болаларни бирлаштириб турган терили парда икки жойидан ёрилиб, қорин бўшлиғидан суюқлик чиқа бошлади, — дейди Б. Эргашев. — Бу эса болалар ҳаёти учун жуда хавфли бўлиб, қорин бўшлиғи яллиғланишининг ривожланиш эҳтимолини юзага келтирарди. Шунингдек, ҳар иккала қизалоқда ҳам аноректал аномалия мавжудлиги аниқланди. Бу ҳам эгизакларда перитонит ривожланиш хавфини сезиларли даражада оширарди. Ана шундай қалтис дақиқаларда бошқа танлов йўқ — зудлик билан операция қилинмаса, иккала чақалоқ ҳам ҳаётдан кўз юмади. Шуни инобатга олган ҳолда ўша куниёқ шошилинч жарроҳлик амалиёти ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинди.
Эгизаклар бир-биридан муваффақиятли ажратиб олинган.