Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Ўзбекистонда саратонни 99 фоизгача даволовчи препарат яратилгани ростми?

Ўзбекистонда саратонни 99 фоизгача даволовчи препарат яратилгани ростми?

Интернет тармоғида “Ўзбек олимлари саратонни 99 фоизгача даволаш имконини берувчи янги препарат ишлаб чиқди” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Унда 2022 йилнинг июнь ойида юртимизда рўйхатдан ўтказилиб, ишлаб чиқаришга татбиқ этилган янги радиофармацевтик векторли терапия воситаси ҳақида сўз боради.

Ушбу препарат таркиби “лютеций-177” радиоизотопи ва унга бириктирилган простата специфик мембранали “антиген-617” оқсил моддасидан иборат экани айтилган.

Маълум бўлишича, бу дори воситаси радиофармпрепарат сифатида АҚШ, Европа ва Осиё давлатларида фақатгина простата бези ва нейроэндокрин ўсмалар диагностикаси ва муолажасида қўлланилади.

Хорижий тажрибага асосланган ҳолда шуни айтиш мумкинки, ушбу восита простата бези саратонининг 4-босқичида суякда метастазланиш жараёнидагина ишлатилади, — дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Дониёр Нишонов. — Бу препарат вақтинчалик восита ҳисобланади ва беморларнинг ҳаётини узайтиришга имконият яратади.

Таъкидлаш лозимки, препарат шу кунгача мамлакатимиздаги битта тиббиёт муассасасида фақат 3 нафар беморда қўлланилган ҳамда мутахассислар фикрига кўра, хаста инсонларда ўсма ўчоқлари (метастазлар) ва уларни безовта қилаётган оғриқлар сезиларли даражада камайган.

Шу билан бирга, ҳар қандай янги дори воситаси амалиётда фойдаланилишидан токи самараси тасдиқланишига қадар турли изланишлар, ўрганишлар олиб борилиши ва самарадорлиги тўғрисида тегишли хулосалар қилиниши учун узоқ вақт талаб этилади.

Афсуски, дунёда барча саратон касалликларини тўлиқ даволай оладиган универсал дори воситаси ҳозирча мавжуд эмас.

Шундан келиб чиқиб, оммавий ахборот воситаларидан инсонлар ҳаёти билан боғлиқ бу каби муҳим янгиликларни жамоатчиликка етказишда эътиборли бўлишларини сўраб қоламиз.

Cоғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

Киритилди: 14:20 25.03.2023. Ўқилди: 2530 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!