Магистрал газ қувурларида босим пасайиши ёки ресурслар ҳажмида кутилмаган ўзгаришлар юз берган тақдирда, газ тақсимотини тезкор қайта кўриб чиқиш чоралари кўрилади.
Куз-қиш мавсумида табиий газ билан таъминлашда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига устуворлик берилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига таяниб хабар берди.
Ҳужжат 2026 йил 1 октябрдан 2027 йил 31 мартга қадар амал қилади. Унинг асосий вазифаси мавжуд табиий газ ресурсларини оқилона тақсимлаш ҳамда аҳоли хонадонлари, мактаблар, боғчалар, шифохоналар ва бошқа ижтимоий соҳа объектларини газ билан узлуксиз таъминлашдан иборат.
Энергетика вазирлиги «Ўзтрансгаз» АЖ, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва бошқа масъул ташкилотлар билан биргаликда мавжуд газ ресурслари ҳамда об-ҳаво шароитини ҳисобга олган ҳолда газ етказиб бериш бўйича 10 кунлик ва кунлик жадвалларни ишлаб чиқади.
Ушбу жадваллар ҳар ойнинг 25-санасига қадар куз-қиш мавсумида иқтисодиёт тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш бўйича Республика комиссияси тасдиғига киритилади.
Магистрал газ қувурларида босим пасайиши ёки газ ресурслари ҳажмида кутилмаган ўзгаришлар юз берган ҳолларда газ тақсимотини тезкор қайта кўриб чиқиш чоралари кўрилади. Бунда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш устуворлиги сақлаб қолинади.
Республика комиссияси ҳар ойнинг сўнгги кунига қадар кейинги ой учун ҳудудлар ва йирик улгуржи истеъмолчилар кесимида табиий газ етказиб бериш жадвалларини тасдиқлайди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг ҳудудий филиаллари билан биргаликда тасдиқланган жадваллар асосида туман ва шаҳарлар кесимида газ тақсимотини ташкил этади. Бунда ҳам аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини газ билан таъминлашга биринчи навбатда эътибор қаратилади.
Ҳаво ҳарорати кескин пасайган даврларда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан барқарор таъминлаш мақсадида бошқа тоифадаги истеъмолчилар учун вақтинчалик чекловлар жорий этилиши мумкин.