Xabar.uz ахборот таҳлилий портал ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилишича, 18 июндан буён .UZ доменидаги кўпгина сайтларнинг очилишида муаммолар кузатилмоқда.
Қуйида келтирилган хабарни тўлалигича эътиборингизга ҳавола этамиз.
“Хусусан, «Kun.uz», «Sof.uz», «Qalampir.uz» сайтлари очилмай қолганидан хабаримиз бор. Кейинчалик улар ишлаб кетди. Аммо ҳамкасбларимиздан суриштирганимизда муаммо нима сабабдан юзага келганини билишмаслигини, бу борада масъул идоралар бир оғиз ҳам изоҳ беришмаганини маълум қилишди.
Бугун эрта тонгдан «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий порталига ҳам кириб бўлмай қолди. Айни пайтда ҳам порталимиз ишламаяпти. Биз «Xabar.uz» серверларини доимий назорат қилиб борамиз, техник мутахассисларимиз зудлик билан серверни диагностика қилиб чиқишди. Муаммо серверларда эмас, «Ўзбектелеком» DNS серверларида ёки коммутаторларида экани аён бўлмоқда. Бу бўйича UZINFOCOM, «Ўзбектелеком» техник хизмат кўрсатиш бўлимлари билан боғланиб, тайинли жавоб ололмадик. Улар "билмаймиз, бу ҳақда маълумотга эга эмасмиз, фалончи ташкилотга мурожаат қилинг", қабилидаги жавоблар билан ўзларидан жавобгарликни соқит қилишди.
Биз Ўзбекистонда ахборот сайтларининг ёппасига ишламай қолаётганидан хавотирдамиз. Айни пайтда «Kun.uz» ва «Xabar.uz» мутлақо ишламаяпти, бу жамоатчилик ўртасида тушунмовчиликларга сабаб бўлишини, содир бўлаётган ҳолатлар қайсидир идоралар томонидан Ўзбекистондаги расмий оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилинаётгани сифатида талқин қилиниши мумкинлигини билдирамиз. Шу муносабат билан UZINFOCOM ягона интергатори, «Ўзбектелеком» АК ва бошқа мутасадди идоралардан юзага келган вазият ҳақида расмий баёнот беришларини ва муаммоларнинг бартараф этилишида амалий ёрдам беришларини сўраб қоламиз.”
Manba: azon.uz