Ўзбекистонда фуқароларнинг шахсий маълумотлари асосида турли тижорат банкларидан кредит ажратиш ҳолатлари сезиларли даражада кўпайган, деб хабар бермоқда омбудсман матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, 2024 йилда омбудсманга фуқаролардан иқтисодий ҳуқуққа оид 6 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг 9 фоизи фирибгарлик ҳолатлари билан боғлиқ. 2023 йилда шундай мурожаатлар сони 110 тани ташкил қилган бўлса, 2024 йилда бу рақам 42 фоизга ошган.
Мурожаатларнинг 60 фоизида ўзини Click компанияси ёки Марказий банк ходими сифатида таништирган шахслар фуқароларнинг шахсий маълумотларидан фойдаланган ҳолда онлайн кредитлар расмийлаштирган. Айрим ҳолатларда эса бир шахс номига 5-6 та тижорат банкларидан кредитлар расмийлаштирилган.
Ушбу мурожаатлар юзасидан Ички ишлар органлари терговчилари томонидан тижорат банкларига ушбу фуқаролар кредит маблағларидан ўзлари фойдаланмаганлиги ҳамда фуқаровий даъвогар деб топилгани, шунингдек, айбдор шахслар топилгунига қадар кредит қарздорлиги ҳамда унга фоизлар ҳисоблашни тўхтатиб туриш юзасидан топшириқлар юборилган.
Жиноят просессуал кодексининг 36-моддасида терговчининг ўз юритувидаги иш бўйича қонунга мувофиқ берган ёзма топшириқлари ва қарорлари барча корхоналар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий экани белгиланган. Лекин, шунга қарамай банклар томонидан фирибгарлик натижасида алданган фуқаролардан кредитни тўлаш талаб қилиб келинмоқда.
Омбудсман томонидан ушбу йўналишдаги мурожаатлар бўйича фуқаролар манфаатида Фуқаролик ишлари бўйича судларга 5 та даъво аризалари киритилиб, банклар билан тузилган кредит шартномалари ҳақиқий эмас деб топилган. 1 нафар фуқаро номига олинган кредит маблағлари унинг фойдасига қайтарилиб, маънавий зарар ундирилишига эришилган.
Қайд этилишича, мазкур соҳадаги муаммолар билан боғлиқ мурожаатларнинг ўсишини асосан аҳолининг эҳтиётсизлиги, ахборот хавфсизлиги ва иқтисодий билимларининг етарли эмаслиги сабаб бўлмоқда.
“Бир нарсани ёдда тутиш зарурки, ахборот технологиялар ривожланган сари, янгидан янги алдов ва фириб бериш усуллари ҳам ўйлаб топилмоқда”, — дейилади омбудсман хабарида.
Шунингдек, фирибгарлик ҳолатларидан сақланиш учун қуйидаги тавсияларга риоя қилишни тавсия этди: