Ижтимоий тармоқларда “жисини ўзгартиришга рухсат берилди...”, “энди ким жисини ўзгартирса, у фамилия, исм ва отасининг исмини ҳам ўзгартириши мумкин...” мазмунидаги хабарлар тарқалмоқда.
Бунда фамилия, исм ва отасининг исмини ўзгартириш масаласи юзасидан қуйидагилар маълум қилинади:
Қонунчиликка мувофиқ боланинг туғилишини қайд этиш вақтида унинг жинсига оид маълумотлар тиббиёт муассасаси томонидан бериладиган тиббий гувоҳнома асосида ёзилади.
Бироқ ҳар йили ўртача 5–6 нафар бола жинси ноаниқ ҳолатда туғилиши ҳолати учраб туради, бунда дастлабки текширувлар боланинг жинсини “ўғил” ёки “қиз” деб кўрсатса-да, кейинчалик бола 5–10 ёш, айрим ҳолатларда эса 10–16 ёшдан ошганда боланинг жинси “ўғил” эмас, “қиз” эканлиги ёки аксинча “қиз” эмас, “ўғил” эканлиги аниқланмоқда.
Шу каби ҳолатларда тиббиёт муассасасининг хулосаси билан жинсга оид маълумотларга тузатиш киритилади.
Маълумот учун: бу каби ҳолатларда жинсини тузатиш мумкинлиги Оила кодексининг 229-моддасида белгиланган бўлиб, мазкур ҳуқуқий нормалар янгидан жорий этилмаган, аксинча 1998 йил 1 сентябрдан буён амалда ҳисобланади.
Бу борада қонунчилик ҳужжатларида айрим ҳуқуқий бўшлиқлар мавжуд бўлган.
Мисол тариқасида, 2008 йилда туғилган боланинг жинсини аниқлаш имкони бўлмасдан “ўғил” деб ёзилган ва ўғил боланинг исми қўйилган. Кейинчалик бола 16 ёшга тўлгач, тиббий текширувларда унинг жинси “қиз” эканлиги аниқланиб, тиббиёт муассасасининг хулосасига асосан жинсига оид маълумотларга тузатиш киритилган. Бироқ ушбу хулоса асосида унинг фамилия, исм ва отасининг исмини қиз болаларга мос равишда ўзгартириш имкони бўлмаган.
Мазкур ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 12 июндаги 362-сон қарори қабул қилиниб, тиббиёт муассасасининг хулосасига асосан жинсига оид маълумотлар тузатилганда боланинг фамилия, исм ва отасининг исмини жинсига мос равишда ўзгартириши белгиланди.