Ўзбекистон молия бозорида янги босқич бошланмоқда — мамлакатда исломий молиялаштириш тизими расман жорий этилмоқда. Бу орқали фоизсиз, шариат қоидаларига мос молиявий хизматлар кўрсатиш имконияти яратилади.
Янги тизим доирасида банклар ва молия ташкилотлари мижозларга исломий молия тамойилларига асосланган маҳсулотларни таклиф қилади. Улар қаторига мурабаха (товарни устама билан сотиш), ижара (лизинг), мушорака ва мудораба каби ҳамкорлик шакллари киради.
Мутахассисларга кўра, исломий молия хизматларининг жорий этилиши инвестиция муҳитини яхшилаш, янги сармояларни жалб қилиш ва аҳолининг молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, мазкур тизим фоиз (рибо)дан воз кечган ҳолда, адолатли ва шаффоф молиявий муносабатларни шакллантиришга қаратилган.
Кутилишича, яқин йилларда Ўзбекистонда исломий банк хизматлари кўлами босқичма-босқич кенгайиб боради.