Парламент қуйи палатасига киритилган “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ишлаётган эркаклар фарзандли бўлганда, турмуш ўртоғига ёрдам бериш ва бошқа фарзандларига қараб туриши учун қисқа муддатли таътилга чиқиши билан боғлиқ меъёрлар таклиф этилмоқда.
“Оилада фарзанд дунёга келадиган бўлса, эркакларга ҳам фарзанд дунёга келганидан кейин бир ой ичида рафиқасига кўмаклашиши учун 5 кун давомида ойлиги сақланган ҳолда таътил олиш имконияти бериляпти”, дейди депутат Нодир Тилаволдиев ушбу қонун лойиҳаси ҳақида.
Унинг таъкидлашича, буни мамлакатда гендер соҳаси бўйича олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми деб ҳисобласа бўлади.
Шу кунга қадар миллий қонунчиликда бундай таътил назарда тутилмаган эди. Шу сабабли эркаклар касбий ва оилавий мажбуриятларини уйғун тарзда амалга оширишга қийналган ёки ўз ҳисобидан таътил олишга мажбур бўлган.
Қонун лойиҳаси билан, шунингдек, меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситиш, тазйиқ ва зўравонликни тақиқлаш принциплари такомиллаштирилмоқда. Яъни меҳнат жараёнида бошқа ходимга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки таҳдид қилган ходимни иш берувчи ташаббуси билан бошқа ишга ўтказиш ёки ишдан бўшатиш амалиёти қўлланилиши белгиланмоқда.
Бундан ташқари, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари рўйхатига киритилиб, давлат томонидан уларни ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатлар таъминланиши белгиланмоқда.