Экспорт 21 та туманда ўтган йилга нисбатан 70 фоизга ҳам етмагани кўрсатиб ўтилди. Ваҳоланки, бу туманларда 80 минг гектар пахта ва ғалла экилмайдиган майдон, яна 55 минг гектар томорқа ери бор.
Ушбу 21 та туман ҳокимига вилоят ҳокимлари билан биргаликда бу борада ўзгариш қилиш бўйича аниқ режаларни тузиш топширилди.
“Маҳсулотларимиз сифатли ва ширин бўлгани учун ташқи бозорларда “Ўзбекистонда етиштирилган” бренди шаклланган”,
- деди давлатимиз раҳбари.
Лекин, айрим “чаққон” савдогарлар ҳаммадан олдин қимматроқ сотишни кўзлаб, хом мевани экспортга чиқараётгани танқид қилинди. Оқибатда хориждаги савдо тармоқлари минглаб тонна Ўзбекистон маҳсулотини хом ҳолатда етказиб берилгани учун қабул қилмаган.
Натижада Ўзбекистонда етиштирилган маҳсулотлар ташқи бозорда ўз ўрнини йўқотиши мумкинлиги қатъий кўрсатиб ўтилди.