Айрим қонун ҳужжатларига киритилган ўзгаришга кўра, Жиноят кодексининг 73-моддаси 4-қисмида шахс (бундан умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилганлар мустасно) озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўташ даврида унга тайинланган жазони ўташ муддати қисқартирилиши мумкин.
Бунда маҳкумларда тўғри маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган, белгиланган тартибда тасдиқланган адабиётлар рўйхатидаги китобларни ўқиганлиги факти тасдиқланиши лозим.
Жазо муддати ҳар бир ўқилган китоб учун 3 кунга, бироқ 1 йилда кўпи билан 30 кунгача қисқартирилиши мумкин.
Китоб ўқиганлик фактини аниқлаш унинг жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятига берган аризасига асосан, муассаса ходимлари, жамоатчилик вакилларидан иборат комиссия томонидан амалга оширилади.
Комиссия йиғилиши йилига камида 2 марта ўтказилади.