Бугун 28 июнь, 2025 йил, шанба

O'ZB

Ўзбекистонда алимент тўловларининг энг кам миқдорини қайта кўриб чиқиш таклиф этилди

Ўзбекистонда алимент тўловларининг энг кам миқдорини қайта кўриб чиқиш таклиф этилди

Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш ва тўлаш тизимини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини таъминлаш ва кафолатлаш ҳамда уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, хусусан, болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш ва тўлаш тизимини такомиллаштириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида боланинг тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбурияти эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган.

Шунингдек, қонунчиликда алимент тўлашдан бўйин товлаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари кучайтирилган.

Қарздор томонидан узрсиз сабабларга кўра суд ҳужжати ижро этилмаганда қарздорнинг мамлакатимиздан чиқишини вақтинча чеклаш мумкинлиги белгиланган.

Шу билан бирга, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросида “Алимент тўловлари” жамғармаси ташкил этилиб, 50 млрд сўм маблағ ажратилган.

Соҳада олиб борилган ислоҳотлар натижасида бир қатор ижобий натижаларга эришилди. Хусусан, Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан 2024 йил давомида 2,1 трлн сўм маблағлар, шундан олдиндан тўлов сифатида 46,3 млрд сўм миқдорида алимент пуллари ундирилган.

2025 йил январ ҳолатига кўра, “Алимент тўловлари” жамғармаси ҳисобидан 1 723 нафар ундирувчига 40,6 млрд сўм маблағ тўлаб берилган.

Шунингдек, ўтган йилда 13 252 та оила яраштирилган, ишсиз бўлган 25 113 нафар қарздор, шундан 8 201 нафари “Бандлик платформаси” орқали ишга жойлаштирилган.

Муҳокама давомида болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш ва тўлаш жараёнида айрим муаммо ва камчиликлар борлиги сенаторлар томонидан таъкидланди.

Хусусан, Бош қомусимизда ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурлиги белгиланган бўлса-да, айрим ота-оналар ушбу мажбуриятига масъулият билан ёндашмаётганига эътибор қаратилди.

2023 йилда 5 697 шахс, 2024 йилда эса бу кўрсаткич 35 фоизга ортиб, 8 833 шахс моддий таъминотдан бўйин товлаганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган ҳамда ўтган йилнинг ўзида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 1 109 та айблов ҳукми чиқарилган.

Муҳокама давомида иш жойи бўлмаган ва даромади аниқланмаган қарздорлардан алиментни ундириш борасидаги айрим муаммоларга ҳам эътибор қаратилди.

Болаларга алимент ундириш ва оилани таъминотлашнинг бошқа шаклларининг халқаро тартиби тўғрисидаги Гаага Конвенциясига қўшилиш, “Алимент тўловлари” жамғармасини шакллантириш манбаларини кенгайтириш ва алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизимини Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ғазначилиги электрон тизими билан интеграция қилиш вазифалари ижроси кечикаётгани сенаторлар томонидан танқид қилинди.

“Алимент тўловлари” жамғармаси ҳисобидан 1 723 нафар ундирувчига 40,6 млрд сўм маблағ тўлаб берилган бўлса-да, ушбу маблағларнинг атиги 2 фоизи, яъни 849,2 млн сўми жамғармага қайтарилгани мазкур йўналишда ҳам таъсирчан чоралар кўриш лозимлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, Оила кодексининг 107-моддасига асосан вояга етмаган бола суд қарори билан ота-онасидан олиниб, болалар тарбия муассасасига жойлаштирилган бўлса, ота ва онанинг ҳар биридан мазкур бола фойдасига белгиланган миқдорларда алиментлар ундирилади. Бунда ундирилган алиментлар мазкур бола номига очилган банк ҳисобварағида жамланади ва у вояга етганда тўланади.

Бироқ вояга етмаган болалар номига банк ҳисобварағи очишнинг ҳуқуқий асослари белгиланмаганлиги учун бугунги кунга қадар алиментлар бошқа ҳисобварақларга тўлаб борилган.

Муҳокама якунида юқорида тилга олинган долзарб масалаларни ўз ичига олган парламент сўровини Вазирлар Маҳкамасига юбориш тўғрисида Сенат қарори қабул қилинди.

Киритилди: 11:22 27.06.2025. Ўқилди: 577 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!