Саволга Ўзбекистон ёшлари иттифоқи вилоят кенгаши раиси Абдулла АСЛОНОВ жавоб берди.
– Ўтган йили Президентимиз ёшлар билан учрашувида "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати фаолиятини танқид қилиб, мавжуд камчиликларни санаб ўтганди. Сизнингча, иттифоқнинг ўтган бир йиллик фаолиятида эски тизимдаги камчиликларга барҳам берилдими?
– Ҳақиқатан ҳам "Камолот" ЁИҲ фаолиятида камчиликлар кўп эди. Шахсан ўзим ҳам ушбу тизимда иш олиб борганман. Аммо ютуқлар ҳам йўқ эмасди. Моддий жиҳатдан қувватлов йўқлиги, салоҳиятли кадрлар етишмаслиги сабабли аввалги ташкилотнинг қудрати йўқ эди. Қудратсиз ташкилотга жуда катта вазифалар юкланганди. Бундан ташқари, фаолият фақат тадбирбозликдан иборат бўлиб қолганди.
Ёшларнинг ютуқларини мақтаб кўрсатаверганмиз. Уларнинг муаммоларининг ичига кирмаганимиз, қийнаётган масалаларига эътибор қаратмаганимиз шундай муаммоларнинг йиғилиб қолишига сабаб бўлди. Ҳозирда бу камчиликларни тўлиқ бартараф этдик, деб айта олмайман. Сабаби, бир йилда бунга эришиш қийин. Юқорида таъкидлаганимдек, энди биз амалий ишларга ўтдик. Энди нафақат иқтидорли ёшларнинг истеъдоди рўёбга чиқарилмоқда, балки бошқа ёшларнинг ҳам дарди тингланмоқда, уларга ҳар томонлама кўмак кўрсатилмоқда.
– Ёшлар иттифоқининг ҳозирги фаолиятида ҳам кўп тадбирларга гувоҳ бўляпмиз.
– Тўғри, ҳозир ҳам тадбирларимиз кўп. Аммо буни тадбирбозлик демаган бўлардим. Сабаби, ҳозирги тадбирлар аниқ мақсадга йўналтирилган, мазмун-моҳияти бой ва самарадорлиги ҳам ўзгарди. Биз бунинг нақадар муҳим эканлигини тушуниб етдик. Аввал бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик етарли бўлмаган. Бунинг натижасида тадбирлар бир-бирини такрорлайверган. Ҳозирда бунга барҳам берилиб, тадбирлар ҳамкор ташкилотлар билан қўшма лойиҳалар асосида ташкил этилмоқда.
Айтганимдек, энди ёшлар ҳаётининг ичига чуқурроқ кирилмоқда, хонадонма-хонадон юрилмоқда. Энди тадбирлар бекорга, бежиз ва беиз бўлмаяпти. Биргина "Ёш китобхон" кўрик-танловини олайлик. Ўтган йили ушбу танловда иштирок этиш учун 10 мингдан зиёд ёшлар мурожаат этганди. Вилоятимиз аҳолисининг 2 миллиондан ортиғи ёшлар эканлигини ҳисобга олсак, бу жуда кам. Бу йил 77 минг нафар ёшлар кўрик-танловда иштирок этиш истагини билдирган. Самарадорлик ошаётганлигини шундан ҳам билса бўлади.
Ғолиб АБДУСАЛОМОВ суҳбатлашди.
Manba: zarnews.uz