Бугун 4 октябрь, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Ўзбекистон XX Осиё ўйинларини 70 та медаль билан 5-ўринда якунлади

Ўзбекистон XX Осиё ўйинларини 70 та медаль билан 5-ўринда якунлади

Японияда 45 давлатдан 11 минг нафардан зиёд спортчи қатнашган XX Осиё ўйинлари ўз якунига етди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Қитъанинг энг йирик спорт мусобақасида иштирок этган Ўзбекистон делегацияси таркибида 396 нафар спортчи 42 спорт тури бўйича юртимиз шарафини ҳимоя қилди. Кутилганидек, спортчиларимиз мусобақаларда муносиб иштирок этиб, жами 70 та медаль билан умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллади.

Аичи–Нагоя–2026 Ўзбекистон спортчилари учун “Лос-Анжелес–2028” Олимпия ўйинларига тайёргарлик йўлидаги муҳим босқич бўлди. Айрим спорт турларида Олимпиада йўлланмалари учун ҳам баҳслар кечиши мусобақа аҳамиятини янада оширди. Вакилларимиз мусобақа давомида 21 та олтин, 25 та кумуш ва 24 та бронза медалини қўлга киритди.

Медаллар жадвалида Хитой 169 та олтин, 89 та кумуш ва 83 та бронза медаль билан биринчи ўринни эгаллади. Мезбон Япония 83 та олтин, 95 та кумуш ва 91 та бронза медаль билан иккинчи, Жанубий Корея 39 та олтин, 43 та кумуш ва 68 та бронза медаль билан учинчи бўлди. Ҳиндистон 21 та олтин, 27 та кумуш ва 37 та бронза медаль билан тўртинчи ўриндан жой олди.

Ўзбекистондан кейинги ўринда Эрон қайд этилди. Эронлик спортчилар 19 та олтин, 18 та кумуш ва 15 та бронза медаль билан 6-ўринни эгаллади.

Ўзбекистон 2023 йил Ханчжоуда ўтказилган XIX Осиё ўйинларида ҳам умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллаган эди. Ўшанда спортчиларимиз 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза – жами 71 та медаль қўлга киритган.

Шундай қилиб, Ўзбекистон бу гал олтин медаллар сони бўйича битта кам натижа қайд этган бўлса-да, умумий медаллар сонида 70 та натижа билан 5-ўринни сақлаб қолди. 2023 йилдаги 71 медаль эса ҳозирча юртимизнинг Осиё ўйинларидаги энг яхши натижасидир.

Киритилди: Бугун 17:16. Ўқилди: 338 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!