Тошкентда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Сербия Президенти Александр Вучич ўртасида музокаралар бўлиб ўтди ва унинг якунида томонлар Қўшма декларацияни имзолади.
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар беришича, давлат раҳбарлари иштирокида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг турли йўналишларини қамраб олувчи ҳукуматлараро ва идоралараро кенг кўламли ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Имзоланган шартномалар сармояларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, иқтисодиёт, тиббиёт, туризм, таълим, фан ва маданият соҳаларида ҳамкорликка оид ҳужжатларни ўз ичига олади.
Машинасозлик, илғор технологиялар ва сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, дипломатик тайёргарлик, спорт ва жисмоний тарбия соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги протоколлар, меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Шунингдек, Тошкент ва Белград шаҳарлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисида шартнома имзоланди.