Ўзбекистоннинг Нидерландиядаги элчиси Ғайрат Фозилов (қароргоҳи Брюссел шаҳрида жойлашган) ушбу мамлакатнинг Оверэйсел провинциясига ташриф буюрди ва қироллик комиссари Андрис Пиетер Хейдема билан учрашув ўтказди.
Ташриф Бенилюкс мамлакатлари билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ривожлантириш мақсадида амалга оширилди.
Комиссар Ўзбекистон делегациясини қутлаб, мамлакат элчисини биринчи марта қабул қилиш ҳудуд учун шараф эканини, чунки илгари бундай ташрифлар амалга оширилмаганини таъкидлади.
Учрашувда Нидерландия томонига Ўзбекистонда аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган ижтимоий-иқтисодий, инвестициявий ва таълим соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўзбекистон ҳудудлари ва Оверэйсел ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш, бизнес миссияларини ташкил этиш орқали мамлакатда инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, томонлар икки мамлакат университетлари ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидладилар.
Комиссар Андрис Пиетер Хейдема ўзбекистонлик шериклар ва Оверэйсел провинциясидаги хусусий бизнес тузилмалари, таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйишда амалий ёрдам беришга тайёрлигини тасдиқлади.