Бугун 31 март, 2025 йил, душанба

O'ZB

Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги халқаро таълим дастурлари

Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги халқаро таълим дастурлари

Глобализация жараёнлари ва халқаро ҳамкорликнинг кучайиши билан мамлакатлар ўртасидаги таълим алоқалари тобора такомиллашиб бормоқда. Бугунги кунда, таълим тизими фақат мамлакат ичида эмас, балки халқаро миқёсда ҳам барқарор ўсиш ва ривожланишнинг муҳим омилига айланган. Таълимни ривожлантириш ва замонавий талабларга жавоб берадиган билимларни тақдим этиш, нафақат мамлакат ичидаги барқарорликни таъминлаш, балки халқаро миқёсда янада кучлироқ алоқаларни ўрнатиш имконини яратади. Шу боис, таълим соҳасида амалга оширилаётган халқаро ҳамкорлик дастурлари ва алмашувлар мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, иқтисодий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги таълим ҳамкорлиги, икки давлат ўртасида билим ва тажриба алмашиш жараёнида муҳим ўрин тутади. Шу нуқтаи назардан, бу ҳамкорлик нафақат ўқувчилар ва ўқитувчилар ўртасида билим алмашиш имкониятини яратади, балки илмий-тадқиқот ва юридик соҳаларда ҳам ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган.

Халқаро ҳамкорликнинг самарали бўлиши учун мамлакатлар ўртасидаги таълим алоқаларининг тизимли равишда ривожланиши зарур. Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорлик, айниқса, ҳуқуқий таълимда ўзининг юксак аҳамиятини намоён этмоқда. 2023-йилнинг 23-24-июн кунлари Грузиянинг Батуми шаҳрида ўтказилган “Замонавий оммавий ҳуқуқ муаммолари” Халқаро оммавий ҳуқуқ жамиятининг биринчи ҳар йиллик конференсиясида Ўзбекистон Адлия вазирлиги ва Тошкент давлат юридик университети вакиллари “Хусусий ва оммавий ҳуқуқнинг фанлараро муаммолари” мавзусидаги муҳокама сессиясида маърузачи сифатида иштирок этгани фикримизнинг яққол намунасидир. Бунинг натижасида, таълим соҳасидаги ушбу ҳамкорлик, икки мамлакатнинг юридик тизимларини яхшилашга хизмат қилди. Шунингдек, бу жараён таълим тизимини такомиллаштириш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Ҳар икки мамлакатнинг таълим соҳасида амалга оширган ҳамкорликлари, нафақат таълим сифатини ошириш, балки ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш учун яхши намунадир. Бу каби илмий тадбирлар, икки мамлакат ўртасидаги юридик алоқаларни мустаҳкамлашда, шунингдек, ҳуқуқшунослик соҳасида ўзаро тажриба алмашишда муҳим рол ўйнайди. Конференсияда жиноят, оила ва солиқ кодекслари каби муҳим фанлараро масалалар кўриб чиқилган бўлиб, бу жараёнлар икки давлатнинг ҳуқуқий тизимларини янада замонавийлаштиришга ёрдам беради.

Таълим соҳасида амалга ошириладиган халқаро ҳамкорликнинг энг катта афзалликларидан бири маданий ва илмий тажриба алмашинувини таъминлашдир. Шу маънода, Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги ҳамкорлик бу жараёнда ўзгача аҳамият касб этади. Масалан, Грузияда ташкил этилган “Грузия хаттотлиги” номли 7-халқаро ёзги мактабида иштирок этиш, нафақат талабалар, балки илмий ходимлар учун ҳам муҳим тажриба бўлади.

Бундай тадбирлар, ўқувчиларнинг илмий салоҳиятини ошириш билан бирга, уларни халқаро миқёсда танитишга ёрдам беради. Ушбу мактабда иштирок этиш учун талабалар, магистрантлар ва доктарантлар таклиф қилинади, ва халқаро авиачипта харажатлари номзодлар томонидан, қолган барча харажатлар эса хорижий ҳамкор университет томонидан қопланади. Бу жараён, талабаларга иқтисодий жиҳатдан камроқ харажат билан халқаро тажрибага эга бўлиш имкониятини беради.

Ёзги мактаблар, нафақат билим алмашиш, балки турли маданиятлар билан танишиш ва халқаро миқёсдаги илмий ва ижтимоий алоқаларни кучайтириш учун яхши имкониятлар яратади. “Бир қўл билан палов пишмайди”, деган мақолни ёдда тутган ҳолда, бундай дастурлар орқали икки мамлакат ўртасидаги маданий алмашинувлар ва илмий тадқиқотлар ўтказиш, ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, бу тажриба алмашинуви икки мамлакатнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлигини янада чуқурлаштиради. Натижада, Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги таълим ҳамкорлиги, талабаларга янги имкониятлар ва билим манбаларини тақдим этиш билан бирга, уларнинг глобал таълим майдонида рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Умуман олганда, бундай халқаро ҳамкорликлар, ўқитувчилар ва талабалар учун янги уфқларни очади, маданий ва илмий тажрибаларни кенгайтиради. Шу билан бирга, бу жараёнлар икки халқ ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.

Шундай қилиб, таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлик, нафақат иқтисодий ва илмий ривожланишга, балки икки халққа ўзаро дўстлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Келажакда бу жараёнларнинг давом этиши, ўзаро тажриба алмашишни кенгайтириш ва янги имкониятлар яратишда муҳим рол ўйнайди.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети

Халқаро журналистика факултетининг

босқич талабаси Зиёдуллаева Хумора Илҳом қизи.

Киритилди: 13:44 19.03.2025. Ўқилди: 514 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!