Анқарада Туркия – Ўзбекистон – Озарбайжон уч томонлама механизм доирасида 2-учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда ташқи ишлар, савдо-иқтисодиёт ва транспорт вазирлари иштирок этди.
Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жайхун Байрамов Ўрта йўлакни ривожлантириш орқали ҳамкорлик учун қўшимча имкониятларга эга бўлиш мумкинлиги ҳақида сўзлади. Шунингдек, янада кенгроқ минтақа, хусусан Яқин Шарқ ва Афғонистонда тинчлик, хавфсизлик ва тараққиётни қўллаб-қувватлаш учун мавжуд салоҳиятдан фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.
Туркия ТИВ раҳбари Хоқон Фидан шерикликни мустаҳкамлаш учун йўл харитасини тайёрланаётганини маълум қилди.
Шу куни Президент Режеп Таййип Эрдоған Ўзбекистон ва Озарбайжон ташқи ишлар вазирлари Бахтиёр Саидов ва Жайхун Байрамовни қабул қилди.
Учрашувда иқтисодиёт, савдо ва транспорт вазирлари ҳам ҳозир бўлган.
Ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг чиқиши давомида қуйидаги масалалар муҳокама қилинди:
Энергетика соҳасида қўшма лойиҳалар;
Қабул қилинган ”Йўл харитаси” асосида транспорт соҳасида уч мамлакат иштирокида қатор қўшма ташаббуслар;
Ўрта йўлак Осиё ва Европа ўртасидаги савдонинг энг ишончли ва иқтисодий йўли сифатида;
Суриянинг барқарорлиги ва тараққиёти минтақавий барқарорлик ва хавфсизлик гарови бўлиб, логистика, транспорт, савдо ва энергетика соҳаларида янги имкониятлар очади;
Уч томонлама механизмнинг учинчи йиғилиши Бокуда бўлиб ўтади.
Мамлакатимиз вакили Б.Саидов қуйидаги таклифларни билдирди:
ТрансАфғон темир йўли глобал таъминот занжирининг бир қисмига айланади;
Уч мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик янги транспорт йўлаклари яратилишига хизмат қилади.
Учрашув якунида имзоланган Анқара декларацияси, жумладан, қуйидагиларни назарда тутади:
Иқтисодиёт, савдо, инвестиция, логистика, инфратузилма, рақамлаштириш, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши каби муҳим соҳаларда тўлиқ салоҳиятни очиш мажбурияти;
Ўрта коридорнинг самарадорлиги ва рақобатбардошлигини оширишга чақириш;
Марказий Осиёда барқарорликни таъминлашнинг асосий омили ҳисобланган Афғонистон хавфсизлиги ва ривожланишига ТДТ доирасида ягона ёндашув муҳимлигини таъкидлаш;
Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги эълонни олқишлаб, сулҳга риоя этилишини талаб қилиш.