Буюк Британия пойтахтида "British Street Food Awards" (Британия кўча гастрономик мукофотлари — "BSFA") танлови бўлиб ўтди.
"Дунё" ААнинг хабар беришича, мазкур танловда ўзбек ошхонаси 2000 дан ортиқ иштирокчи орасида мутлақ ғолиб деб топилди.
"BSFA" танловида Лондонда фаолият юритаётган "Ошпаз" ўзбек миллий таомлари бренди жамоаси юртимиз шарафини ҳимоя қилди. Улар томонидан тайёрланган миллий таомларимиз ва намойиш этилган ўзбек миллий ошхонасининг бой анъаналари ҳакамлар ҳамда томошабинлар қалбини забт этди. Ўзбек миллий таомлари тайёрланиш усуллари, бетакрор таъми ва ажойиб кўриниши билан танлов ғолибига айланди.
Кўча таомлари шунчаки олиб кетиш учун тайёрланган овқат эмас. Уларда маданият, тарих ва анъаналар мужассам бўлиб, турли миллатлар ва авлодларни бирлаштирадиган муҳим восита ҳисобланади. "Ошпаз" брендининг ушбу ғалабаси жамоага жорий йил октябрь ойида Германияда бўлиб ўтадиган Европа кўча гастрономик танловининг финалида қатнашиш имконияти тақдим этди. Бу эса ўзбек ошхонасини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш йўлидаги яна бир муҳим қадамдир.