Бугун 28 март, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

“Ўзбекистон – Корея: келажакка назар” экспертлар форуми бўлиб ўтди (ФОТО)

“Ўзбекистон – Корея: келажакка назар” экспертлар форуми бўлиб ўтди (ФОТО)

Кеча, 23 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Жаҳон иқтисодиёт ва дипломатия университети кўмагида “Корея Республикаси – Марказий Осиё” ҳамкорлик форуми котибияти ҳамкорлигида ташкил этилган “Ўзбекистон – Корея: келажакка назар” экспертлар форуми бўлиб ўтди.

Форум икки муҳим тарихий сана – дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ва Ўзбекистонда истиқомат қилаётган корейс диаспорасининг 85 йиллигини нишонлашга бағишланган. Форумда икки давлатнинг юқори мартабали вакиллари - етакчи экспертлари ва таҳлил марказлари раҳбарлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари вакиллари иштирок этди.

“Ўзбекистон – Корея: келажакка назар” экспертлар форуми бўлиб ўтди (ФОТО)“Ўзбекистон – Корея: келажакка назар” экспертлар форуми бўлиб ўтди (ФОТО)

“Ўзбекистон – Корея: келажакка назар” экспертлар форуми бўлиб ўтди (ФОТО)

Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан ИСМИ директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов сўнгги ўттиз йилликда Ўзбекистон-Корея стратегик шериклиги бой ва самарали бўлиб, олий даражадаги мунтазам алоқалар ҳамда давлатлараро мулоқот механизмлари йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлади.

Қайд этилишича, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён икки давлат раҳбарлари ўртасида 18 марта саммит ўтказилган. Шу билан бирга, сўнгги беш йил давомида учрашувлар фаол ва мунтазам тус олди – 4 та олий даражадаги учрашувлар ўтказилди.

Шу нуқтаи назардан, Жанубий Корея томони Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида бебаҳо техник, маслаҳат ва эксперт ёрдамини кўрсатаётганини таъкидлади Акрамжон Неъматов. "Сеул бизга ушбу Ташкилотга қўшилиш натижаларини баҳолашда ёрдам беради ва ЖСТ келишувлари талабларига мувофиқ миллий қонунчиликни экспертизадан ўтказади".

Корея Республикаси замонавий Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш ва модернизация қилишга улкан ҳисса қўшган биз учун ишончли, вақт синовидан ўтган ҳамкордир, – деди ИСМИ вакили.

Корея сармояси туфайли Ўзбекистон саноатининг автомобильсозлик, кимё, металлургия, нефть-газ, қишлоқ хўжалиги каби кўплаб тармоқлари тараққиётда кучли ютуқ қўлга киритилгани алоҳида таъкидланди. 2016 йилдан 2019 йилгача бўлган даврда мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2,5 баробарга – 1,1 миллиард доллардан 2,8 миллиард долларга ўсди.

“2020-2021 йилларда пандемия даврида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард долларгача камайганига қарамай, жорий йил бошидан буён барқарор ўсиб бормоқда. Биргина 2022 йилнинг биринчи ярмида мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми аллақачон 1,3 миллиард доллардан ошди”, — деди Акрамжон Неъматов.

Шунингдек, форумда “Корея Республикаси – Марказий Осиё” ҳамкорлик форуми котибияти ижрочи директори Ли Жонг Гук сўзга чиқди. Тошкентда ўтган 30 йил давомида Корея Республикаси ва Ўзбекистон ҳамкорликнинг барча йўналишлари, жумладан, сиёсий, дипломатик, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда сезиларли ютуқларга эришганини таъкидлади.

Экспертнинг фикрича, Ўзбекистон Корея Республикасининг Марказий Осиёдаги энг муҳим ҳамкори ҳисобланади. Буни мамлакат Сеул билан “махсус стратегик ҳамкорлик” ўрнатган “тўртлик” давлатлардан бири эканлиги ҳам тасдиқлайди.

Ўзбекистон мустақиллигининг барча йилларида Корея мамлакатимизнинг саноат ва инсон салоҳиятини юксальтиришга доимо салмоқли ҳисса қўшиб келган ва қўшиб келмоқда. Жанубий Корея тажрибаси кенг жорий этилиб, “электрон ҳукумат”, давлат бошқаруви, АКТ, таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларга Корея Республикасидан мутахассислар жалб этилмоқда. Юртимизда энергетика, автомобильсозлик, кимё, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати соҳаларида кўплаб қўшма корхоналар, Жанубий Кореянинг бир қатор олий ўқув юртларининг филиаллари, корейсча ўқитиш методикаси асосидаги мактабгача таълим муассасалари, касб-ҳунар таълими ва ахборот технологиялари марказлари, шунингдек, Корея маданияти ва санъати уйи очилди.

Кореялик ҳамкорлар билан биргаликда Тошкентда Марказий Осиёдаги энг йирик кўп тармоқли болалар шифохонаси қурилди.

“Ўзбекистон – Корея: келажакка назар” эксперт форумида Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси вазир маслаҳатчиси Кук Жанг Хён шундай баҳо берди:

– Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида “Янги Ўзбекистон”нинг изчил қурилиши Ўзбекистон-Корея ҳамкорлигига турли соҳаларда, жумладан, рақамли иқтисодиётда ҳам янги кўриниш бериши мумкин.

Ўзбекистоннинг Корея билан халқаро майдондаги ўзаро ҳамкорлиги мамлакатимизнинг мустақил ташқи сиёсатини шакллантириш, унинг глобал ва минтақалараро ҳамкорлик механизмларига интеграциялашувида муҳим аҳамият касб этди. Ўзбекистон ва Корея ўртасида мунтазам равишда инсон капитали алмашинуви икки томонлама яқин муносабатларнинг ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади. бугунги кунда Кореяда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари сони 75 мингдан ортиқ кишига етган бўлса, Ўзбекистонда истиқомат қилаётган корейслар сони қарийб 180 минг кишини ташкил этади.

Ўз навбатида, икки давлат ўртасида йиллик инсон капитали алмашинуви 25 минг кишини ташкил этади. Хусусан, Котибият директори Ли Жонг Гук таъкидлаганидек, у раҳбарлик қилаётган Корея жамғармаси томонидан бу борадаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган лойиҳалар кенг амалга оширилмоқда.

Сеул Миллий университети халқаро алоқалар кафедраси профессори Шин Беом таъкидлаганидек, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги “Барқарор савдо-иқтисодий шериклик тўғрисидаги битим” (СТЕП) Тошкентга ташқи савдода ўзаро ҳамкорликнинг илғор шаклларини жорий этиш, ташқи савдо операциялари билан боғлиқ тартиб-қоидаларни енгиллаштириш ва экспортни рағбатлантириш имконини беради.

Кореялик эксперт сўзларига кўра, икки давлат ўртасидаги СТЕП музокараларининг муваффақиятли якунланиши Евроосиё маконидаги бошқа ривожланаётган давлатлар билан савдо шартномаларини тузиш учун иқтисодий ҳамкорликнинг “намунали модельи” бўлиши мумкин.

Рухсора Ортиқова,

ЎзЖОКУ ҳарбий журналистика талабаси

Киритилди: 21:00 24.08.2022. Ўқилди: 2738 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!