Бугун 4 август, 2025 йил, душанба

O'ZB

Ўзбекистон Европа муҳим хомашё альянсига қўшилди

A A A
Ўзбекистон Европа муҳим хомашё альянсига қўшилди

Дунё критик минераллар бўйича янги даврга кириб келди, шубҳасиз, Ўзбекистон ҳам бу жараёнлар марказида бўлишга интилаётгани аниқ. Ўтган йили мамлакатимиз Европа Иттифоқи билан муҳим хомашё соҳасида ҳамкорлик бўйича келишув имзолаган эди. Энди эса яна бир катта қадам ташланди — Ўзбекистон Технологик Металлар Комбинати (TMK) Европа муҳим хомашё альянси (ERMA)га расман аъзо бўлди. Бу бизнинг глобал бозордаги ўрнимизни янада мустаҳкамлайди, дея хабар қилди TMK матбуот хизмати.

ERMA нима?

Европа муҳим хомашё альянси (ERMA) Европа саноатининг ресурс сиёсасини белгилаб берувчи энг муҳим платформалардан бири. У Европа саноати учун литий, вольфрам, молибден ва ноёб ер элементларини хавфсиз ва барқарор манбалардан етказиб беришни таъминлайди. Мазкур альянс Европанинг яшил технологиялар ва келажак энергетикасига ўтиш жараёнида ҳал қилувчи кучга эга.

Мамлакатимиз учун ушбу альянснинг аҳамияти қандай?

  1. Европа Иттифоқи билан институционал мулоқотни янада мустаҳкамлаш – айниқса, хомашёни чуқур қайта ишлаш, сифат стандартларини жорий этиш ва экспорт имкониятларини кенгайтириш йўналишларида;

  2. Инвестицион жозибадорликни ошириш – халқаро сертификатлаштириш жараёнларини йўлга қўйиш ва Европа миқёсидаги йирик лойиҳаларга фаол жалб этилиш орқали;

  3. Ўзбекистоннинг хомашё дипломатиясини ривожлантириш – мамлакатни ишончли ва стратегик ҳамкор сифатида халқаро миқёсда тан олинишига ҳисса қўшиш;

  4. Европанинг технологик ва илмий кластерлари билан ҳамкорликни кенгайтириш – хусусан Германия, Франция, Финляндия ва Австрияда жойлашган илғор марказлар билан қўшма ташаббусларни амалга ошириш орқали.

Шунингдек, ушбу аъзолик TMKни критик минераллар бозорида бутунлай янги даражага олиб чиқиши кутилмоқда. Хусусан, Европа грантлари ва инвестициялари орқали бу йўналишдаги лойиҳалар учун молиявий механизмлар кенгаяди. Европанинг илғор марказлари билан қўшма тадқиқотлар олиб борилади ва инновациялар татбиқ этилади. TMK маҳсулотлари халқаро бозорга янада юқори сифат кўрсаткичлари билан чиқади.

ERMA директори Массимо Гаспарон ҳам ҳамкорликдан умидвор эканини айтиб, “Биз ERMA мақсадларини амалга ошириш, шунингдек, Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида TMK билан биргаликда ишлашни интиқлик билан кутмоқдамиз”, – деди.

Бир сўз билан айтганда, бу аъзолик Ўзбекистонни оддий хомашё етказиб берувчидан инновацион ҳамкор даражасига кўтаради.

Киритилди: 00:49 03.08.2025. Ўқилди: 520 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!