Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов бошчилигидаги делегация Москвада ташриф билан бўлди. Уч кунлик ташриф давомида делегация Россия Федерацияси Президенти Администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко, Администрация раҳбарининг ўринбосари – Президент матбуот котиби Дмитрий Песков, Президентнинг стратегик шериклик ва ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Вадим Титов, Президентнинг жамоат лойиҳалари бошқармаси бошлиғи Сергей Новиков ҳамда Президентнинг АКТ ва алоқа инфратузилмасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Татьяна Матвеева билан учрашувлар ўтказди.
Шунингдек, Россиянинг қатор жамоат ва ёшлар тузилмалари, креатив ва медиа ташкилотлари вакиллари билан ҳам учрашувлар бўлиб ўтди.
Асосий эътибор мунтазам профессионал мулоқотни ривожлантириш, матбуот хизматлари, таҳлил марказлари ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, қўшма таълим тадбирларини ўтказиш масалаларига қаратилди.
Бошқарув кадрларини тайёрлашга ихтисослашган замонавий марказ – “Сенеж” бошқарув устахонаси фаолияти билан танишув катта қизиқиш уйғотди.
Ўтказилган учрашувлар томонларнинг медиа ва коммуникациялар соҳасида очиқ мулоқотга, тажриба алмашишга ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини тасдиқлади.