Ўзбекистон аёллар терма жамоаси 2027-йилнинг июнь-июль ойларида Бразилияда бўладиган Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун ўтказилган плей-офф учрашувида Филиппин вакилларига 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Иккинчи бўлим бошида ўтказиб юборилган икки гол сабабли жамоа келаси йили Жанубий Америка қитъасида бўлиб ўтадиган мундиалга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятини қўлдан бой берди. Филиппин эса ушбу ғалаба эвазига мусобақа йўлланмасини нақд қилди.
Котрина Кулбите шогирдлари Осиё Кубоги гуруҳ босқичида Хитой ва Шимолий Кореядан йирик мағлубиятлар қабул қилган бўлсалар-да, Бангладеш устидан қозонилган ғалаба жамоани плей-офф босқичига олиб чиққан эди. Чорак финалда Жанубий Кореяга имконият бой берилгач (0:6), жамоада ҳали тўғридан-тўғри йўлланма учун қўшимча имконият сақланиб турган эди. Бироқ Филиппиндан учралган мағлубият бу йўлни якунлади.
Эндиликда Ўзбекистон аёллар терма жамоасини Жаҳон чемпионати учун қитъалараро плей-офф баҳслари кутмоқда. Бу жараён икки босқичдан иборат бўлади. Биринчи босқич 2026-йилнинг ноябрь-декабрь ойларида бўлиб ўтади ва унда турли қитъалардан келган 6 та жамоа иштирок этади. Улардан фақат иккитаси кейинги босқичга ўтади. 2027-йилнинг февралида ўтказиладиган иккинчи босқичда эса жами 6 та жамоа 3 та йўлланма учун курашади. Ўзбекистон терма жамоаси Бразилиядаги мундиалга бориши учун мана шу мураккаб саралашдан ўтиши талаб этилади.