Бугун 7 ноябрь, 2025 йил, жума

O'ZB

Ўзбекистон АҚШ ҳамкорлигининг янги босқичи ишончга асосланган

Ўзбекистон АҚШ ҳамкорлигининг янги босқичи ишончга асосланган

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга сафари сўнгги икки ой ичида иккинчи марта амалга оширилди. 2025 йил 23 сентябрь куни БМТ бош қароргоҳида, ташкилот Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида иштирок этган давлатимиз раҳбари тадбир доирасида АҚШ етакчиси Доналд Трамп билан ҳам учрашган ва унда ўзаро фикр алмашилиб, қатор келишувларга эришилган эди.

Ўзаро муносабатлар тарихидан Ўзбекистон мустақиллигини биринчилар қаторида тан олган Қўшма Штатлар 30 йил давомида манфаатли ҳамкорлардан бири бўлиб қолмоқда. Муносабатлар мустаҳкам пойдеворда шаклланган ва анъанавий тарзда ишончли характерга эга.

2002 йилда имзоланган Ўзбекистон билан АҚШ ўртасида стратегик шериклик ва ҳамкорлик асослари тўғрисидаги декларация дипломатик алоқалар ўрнатилганидан буён ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ҳал қилувчи роль ўйнади.

Бироқ, 2017 йилдан бошланган ҳамкорликнинг янги тарихи бу борада алоҳида аҳамиятга молик. Хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 15-17 май кунлари Қўшма Штатларга расмий ташрифи Ўзбекистон-АҚШ шериклиги ривожига кучли туртки бўлди.

Бу АҚШ юқори мартабали раҳбарлари, бизнес ва академик соҳа вакиллари томонидан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли икки томонлама ҳамкорликни қайта фаоллаштирган тарихий воқеа сифатида эътироф этилди.

2020 йил ноябр ойида Ўзбекистон ва АҚШ ҳар йили ўтказиладиган икки томонлама маслаҳатлашувларни Стратегик шериклик мулоқотига айлантиришга қарор қилди. Унинг доирасида томонлар сиёсат, хавфсизлик, иқтисод ва инсоний ўлчовлар бўйича яқин ҳамкорликни ривожлантирмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва ҳамкорликнинг барча соҳаларида стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқиш ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Шу маънода ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, икки томонлама муносабатларда 2025 йилда Ўзбекистон – Aмерика муносабатлари тарихида янги саҳифа очилди, стратегик шерикликнинг сифат босқичига қадам қўйилди. Ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик алоқалари иқтисодий ўсиш учун замин яратмоқда.

Эътиборга молик томони, Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари инвестиция, савдо, таълим, илмий тадқиқот, диний-маърифий йўналишларда ҳам изчил ривож топмоқда. Ўзбекистон ҳудудлари билан Америка штатлари ўртасида шериклик алоқаларини йўлга қўйиш масаласи устида ҳам фаол иш олиб борилмоқда.

Ўзаро алоқаларнинг мустаҳкамлик касб этиши ва ривож топишида Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга амалга оширган сермаҳсул ташрифи, океанорти давлатининг йирик сармоядорлари билан ўтказган манфаатли мулоқотлар, эришилган улкан келишувлар ижобий таъсир кўрсатгани, шубҳасиз.

Ушбу самимий мулоқот ва яқин муносабатлар АҚШнинг Марказий Осиё минтақасига нисбатан қизиқишлари ортишига ҳам хизмат қилмоқда.

Амалиётда АҚШ ва МО мамлакатлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик масалалари “C5+1” форматидаги учрашувлар орқали муҳокама қилиб борилади. Хусусан, 6 ноябрь куни Вашингтонда мазкур форматдаги учрашувларнинг навбатдагиси бўлиб ўтади. Унда АҚШ Президенти Дональд Трамп Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари билан учрашув ўтказиши белгиланган.

Давлатимиз раҳбари 4 ноябрь куни Қатар пойтхати Доҳада бўлиб ўтган Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Жаҳон саммитидаги иштирокдан сўнг, АҚШ Президенти Доналд Трамп таклифига биноан Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг “C5+1” форматидаги саммитида иштирок этиш учун Вашингтон шаҳрига жўнаб кетди.

Ташриф дастурига мувофиқ, давлат раҳбари АҚШ Президенти Дональд Трамп, Конгресс Сенати ва Вакиллар палатаси аъзолари, АҚШ вазирлик ва идоралари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказади.

Унда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳаларда стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, Марказий Осиёнинг АҚШ билан минтақалараро ҳамкорлигини чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилади.

Ишбилармонлик дастури доирасида АҚШнинг етакчи компаниялари ва молиявий институтлари раҳбарлари иштирокида учрашув ва тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Тадбирлар якунида қатор икки ва кўп томонлама ҳужжатлар қабул қилиниши кўзда тутилган.

Океанорти мамлакати раҳбари ва ишбилармонларида катта ишонч ва эътирофга эга Ўзбекистон лидерининг бу галги ташрифидан ҳам улкан натижалар кутилмоқда.

Киритилди: 12:32 06.11.2025. Ўқилди: 267 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!