Бугун, 21 октябрь куни, Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 36 йил тўлди. Шу муносабат билан Президент бутун Ўзбекистон халқини байрам билан самимий табриклади.
Давлат раҳбари ўз нутқида сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришда ўзбек тилининг мукаммал ўрганилиши муҳим эканини таъкидлади:
“Бир нарсани билинглар – сунъий интеллект дастурлари самарали ишлаши учун улар, аввало, ўзбек тилини мукаммал даражада тушуниши зарур”, — деди Президент.
Шунингдек, йиғилишда ўзбек тилидаги адабиётлар, илмий ишлар, мақолалар ва ҳисоботларнинг кўпчилиги ҳали рақамлаштирилмагани, электрон шаклдагилари эса турли манбаларда тарқоқ ҳолда сақланаётгани қайд этилди.
Шу муносабат билан:
Вазирлар Маҳкамасига барча вазирлик ва идоралардаги маълумотларни электрон форматга ўтказиш графигини тасдиқлаш,
Рақамли технологиялар вазирлигига эса **“Ўзбек тили корпуси”**ни яратиш, яъни сунъий интеллект тизимлари миллий маданият ва қадриятларимизни ифода эта олиши учун зарур лингвистик база шакллантириш топширилди.
Бундан ташқари, 2026 йил якунига қадар катта ҳажмдаги рақамли маълумотларни бир жойга жамлаб, уларни қайта ишлаш, таҳлил қилиш ва фойдаланиш имконини берадиган “Data Lake” платформасини ишга тушириш вазифаси қўйилди.
Бу ташаббуслар она тилимизни рақамли даврда ривожлантириш, уни сунъий интеллект ва глобал технология жараёнларида фаол иштирок этадиган тилга айлантириш йўлида муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланди.