Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги кўп қаватли уйларни бошқариш соҳасига хорижий инвесторларни жалб қилиш ишларини фаоллаштирмоқда. Шу доирада вазир ўринбосари Озода Жўраева Япониянинг бир қатор компаниялари вакиллари билан учрашув ўтказди. Томонлар инвестицияларни жалб қилиш, замонавий сервис хизматларини жорий этиш ва бошқарув компаниялари фаолиятини такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда қайд этилишича, япониялик инвесторлар ҳозирнинг ўзида Хоразм вилоятида 50 га яқин кўп қаватли уйни бошқарувига олиб, комплекс капитал таъмирлаш ва замонавий сервис хизматларини йўлга қўйиш бўйича иш олиб бормоқда. Шунингдек, Тошкент шаҳридаги бошқарувсиз уйларни бошқариш юзасидан ҳам таклифлар билдирилди.
«Япония компанияларининг Ўзбекистон бозорига қизиқиш билдираётгани кўп қаватли уйларни бошқариш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини кўрсатади. Биз инвестициялар, замонавий технологиялар ва юқори сифатли сервис хизматларини жалб этиш орқали соҳанинг рақобатбардошлигини янада оширишни мақсад қилганмиз», — деди вазир ўринбосари Озода Жўраева.
Бу уй-жой фондини бошқариш соҳаси учун тамоман янги босқич ҳисобланади. Соҳага хорижий сармоя билан бирга бошқарувнинг илғор стандартлари, замонавий технологиялар ва сервис маданияти ҳам кириб келиши табиий. Бу эса рақобатни кучайтириб, аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириши мумкин.