Бугун 17 апрель, 2026 йил, жума

O'ZB

Ўрта Чирчиқда 4 киши ҳалок бўлган ёнғин юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Ўрта Чирчиқда 4 киши ҳалок бўлган ёнғин юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги хонадонда юз берган ёнғин оқибатида 4 киши вафот этгани юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

16 апрель куни соат тахминан 01:40 ларда Ўртачирчиқ тумани ИИБ Навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, Ўртачирчиқ тумани, «Ўртаовул» МФЙдаги уйда ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилиши сабаб портлаш содир бўлиб, ёнғин келиб чиққан.

Оқибатда 30 ёшли эркак З.М. ва унинг 6 ёшли ўғли, 3 ва 2 ёшли қизлари куйиш ва ёнғин ис-газидан захарланиш сабабли ҳодиса жойида вафот этган. Эркакнинг 27 ёшли турмуш ўртоғи Г. М. ва 54 ёшли онаси Б.М. эса ёнғиндан қочиш мақсадида хонадон деразасидан сакраб, турли хилдаги тан жароҳатлари олган бўлиб, улар Нурафшон шаҳри тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми «а», «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш учун Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармасига юборилган.

Ҳодиса жойидан Республика суд экспертиза маркази экспертлари, вилоят ИИБ эксперт криминалисти ва вилоят фавқулотда вазиятлар бошқармаси экспертлари томонидан ёнғиндан шикастланган буюмлар, алимун сим бўлаклари ва бошқа ашёвий далиллар олинган.

Шунингдек, ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан туман Фавқулотда вазиятлар бўлими, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси Ўртачирчиқ туман бўлими ва «ҲудудгазТошкент» газ таъминоти филиали Ўртачирчиқ туман бўлими ҳодимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган.

Киритилди: Бугун 18:08. Ўқилди: 419 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!