Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманидаги 11-сонли умумтаълим мактабида жисмоний тарбия ўқитувчиси ўз ўқувчиларга нисбатан қўпол жисмоний ҳаракатлар содир этгани учун ишдан ҳайдалди.
Мазкур нохуш ҳолат жорий йил май ойида ушбу мактабнинг жисмоний тарбия ўқитувчи А.Л. томонидан содир этилган.
Вилоят таълим бошқармасининг маълум қилишича, ўқитувчи ўзи раҳбарлик қилаётган 9-синф ўқувчиларини ўзлаштириши ва дарслардаги иштироки паст экани рўкач қилиб, «одоб-ахлоқ қоидаларига зид равишда» уларни ҳақоратлаб калтаклаган.
Ҳолатни ўрганиш мақсадида тузилган масъуллардан иборат ишчи гуруҳ ўқитувчининг хатти-ҳаракатлари ноқонуний ва педагогик тарбия меъёрларига тўғри келмаслигини аниқлаган.
Ундан ташқари ҳолат шу кунга қадар мактабнинг маънавий масалалар бўйича директор ўринбосари томонидан ўрганилмагани, ўқитувчини тартибга чақирмагани ҳам маълум бўлган.
Айни пайтда мактабнинг жисмоний тарбия ўқитувчиси билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Мактаб директори ўринбосарига ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланилган.