БМТнинг Фаластин қочқинларига ёрдам кўрсатиш ва ишларни ташкил этиш бўйича Яқин Шарқ агентлиги (UNRWA) ходимларидан 2023 йил октябридан бери Ғазода ҳалок бўлганлар сони 300 нафардан ошди. Бу ҳақда UNRWA бош комиссари Филипп Лаззарини хабар берди.
"Ушбу уруш давомида мен мунтазам равишда оладиган энг даҳшатли маълумотлардан бири UNRWA ходимлари орасидаги қурбонлар сонидир. Бугун ҳалок бўлганлар сони даҳшатли 300 кишидан ошиб кетди," дея Лаззарини X’да ёзди.
"Баъзилар хизмат вазифасини бажариш пайтида, ўз жамоаларига ёрдам кўрсатаётганда ҳалок бўлди. Улар асосан соғлиқни сақлаш ходимлари ва БМТ ўқитувчилари эди," дея таъкидлади Лаззарини. Шунингдек, у "айбдорлар албатта жавобгарликка тортилиши керак" деб қўшимча қилди.