Суриянинг жануби-ғарбида 50 мингдан ортиқ киши ИШИДга алоқадор террорчиларнинг асирига айланган.
БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси матбуот котиби Йенс Лэркенинг билдиришича, Суриянинг жануби-ғарбий вилоятлари – Даръа, Қунайтра ва Сувайдада охирги ҳафталардаги қуролли тўқнашувлар натижасида 182 мингдан зиёд киши уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Уларнинг бари шошилинч гуманитар ёрдамга муҳтож.
“Охирги ҳафталарда Сурия ҳукумати янги ҳудудларни қўлга киритди ва айни пайтда қуролли гуруҳлар қўлида Жўлон тепаликлари ёнидаги кичкина ҳудуд қолди. Жануб томондаги 200 квадрат километрлик ҳудуд ИШИДга алоқадор “Жайш Холид инб Валид” гуруҳи назоратида қолмоқда”, – деди Лэрке.
Мазкур гуруҳ одамларнинг ҳаракатланишини чеклаб қўйган. Ҳарбий ҳаракатлар кучайишидан олдин бу ҳудудда тахминан 55 минг киши истиқомат қилар эди, улардан атиги бир неча минги қочишга муваффақ бўлган. Қолганлар ўта қийин шароитда яшамоқда. Маълумотларга қараганда, 21-23 июль кунлари бу ерда кетма-кет авиазарбалар амалга оширилган, оқибатда тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.
Жўлон тепаликларининг бошқа ҳудудларидаги 100 минг аҳоли ҳам оғир вазиятда. Қуролли тўқнашувлар тўхтамаётгани учун бу одамларга гуманитар ёрдам етказиб бўлмаяпти.
Manba: azon.uz