Россиянинг Ленинград вилоятидаги Приморск нефть портида дрон ҳужуми оқибатида кема ва насос станцияси ёниб кетди.
Бу ҳақда вилоят губернатори Александр Дрозденко ўзининг Telegram-каналида маълум қилган.
"Приморск портидаги кемалардан бирида юз берган ёнғин ўчирилмоқда. Ёнғинни ўчириш тизими ишга туширилди", - деди расмий. Унинг сўзларига кўра, очиқ олов ўчирилган, сув тошқини ва нефтнинг тўкилиши хавфи йўқ.
"Приморскдаги насос станциясида ҳам ёнғин ўчирилди. Қурбонлар йўқ", деб қўшимча қилди кейинроқ Дрозденко. Унинг таъкидлашича, Ленинград вилоятида 30 дан ортиқ дрон уриб туширилган.
Приморск порти Болтиқ денгизидаги энг йирик Россия нефть юклаш портларидан бири бўлиб, Болтиқбўйи қувурлари тизимининг якуний манзилидир.