Ғарб давлатларининг Украинага ҳарбий ёрдами июнь ойида АҚШ томонидан тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлаш тўхтатилганидан бери энг юқори кўрсаткичга етди.
Euractiv нашри Германиянинг Кил институти маълумотларига таяниб хабар беришича, Киев июнь ойида жами 7,2 млрд евро миқдорида ҳарбий ёрдам олган.
Бу 2024 йил апрелидан бери қайд этилган энг юқори натижа ҳисобланади. Ўша ойда Украинага 9,04 млрд евро миқдорида ҳарбий ёрдам ажратилган эди.
Шунингдек, июнь ойидаги кўрсаткич 2022 йил февралидан бери донорлар томонидан Украинага бир ой ичида ажратилган ҳарбий молиялаштириш ҳажми бўйича учинчи энг юқори натижа бўлди.
Нашр қайд этишича, ҳарбий ёрдам ҳажмининг бундай кескин ўсиши, асосан, Европа Иттифоқи томонидан Украинани қўллаб-қувватлаш учун ажратилган кредит маблағлари ҳисобига юз берган.
Ушбу молиявий механизм доирасида Киев май ва июнь ойларида ҳар бири 4,3 млрд евродан бўлган траншларни қабул қилиб олган.