Украина президенти Володимир Зеленский Россияга қарши Украинанинг "узоқ масофали санкциялари" режаси белгиланган устувор йўналишларга мувофиқ амалга оширилаётганини айтди.
"Бугун биз ҳарбий ҳаракатларимизни давом эттиришни келишиб олдик ва устувор нишонлар рўйхатини янгиладик. Бу Россияга ва унинг ушбу урушни давом эттириш ҳамда чўзиш қобилиятига ҳақиқий таъсир кўрсатишга мос келади. Асосий мақсад қурол учун компонентлар ишлаб чиқаришдаги қийинчиликлар яратиш, нефт ва бошқа иқтисодий йўқотишлар, шунингдек, ушбу урушни "ўз уйига" қайтариш ҳисобига узоқ муддатли босимимиз Россияни дипломатияга янада кўпроқ ундашидан иборат", — деди Зеленский Украина ҳарбий раҳбарияти билан ўтказилган йиғилишдан сўнг.
"Биз Украина дронлари, хусусан, Урал минтақаси, Сибир ва Москвадан узоқда жойлашган бошқа ҳудудлардаги нишонларга етиб бора олишини исботлаб бўлдик. Фақат шу йилнинг ўзида узоқ масофали санкциялар режаси амалга оширила бошланганидан бери мингдан ортиқ жанговар топшириқлар бажарилди. Нефт объектлари, ўта муҳим ҳарбий ишлаб чиқариш корхоналари, Россия логистикасининг тизимли муҳим объектларига зарба берилди", — деб ёзди Зеленский Telegram ижтимоий тармоғида.
"Узоқ вақт давомида Россиянинг устунлиги бўлиб келган фронторти стратегик олислигининг мавжудлиги эндиликда Россия сиёсий ва ҳарбий раҳбарияти учун алоҳида муаммога айланмоқда, чунки Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг катта қисми Москва, давлат резиденциялари, Қрим кўприги ва Петербург атрофида тўпланган", — дея давом этди Зеленский.
Унинг сўзларига кўра, зарба бериш масофаси аллақачон 3 минг километрдан ошган ва Украина янада узоқроқ масофаларда ҳаракат қилиш имкониятларини оширишда давом этмоқда.