Украина Хавфсизлик хизмати давлат сири ошкор қилиниши бўйича жиноят иши очди. Бу ҳақда “Украинская Правда” Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) баёнотига таяниб хабар берди.
Бунга “Украинская Правда” нашрининг Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси (ГУР) раҳбари Кирилл Будановнинг ёпиқ йиғилишдаги сўзлари ҳақидаги мақоласи сабаб бўлди.
Жиноят иши давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни ошкор қилиш моддаси бўйича олиб борилмоқда. Судгача тергов жараёни Украина Олий Радасида бўлиб ўтган ёпиқ йиғилиш ҳақидаги мақола эълон қилингандан кейин бошланган.
Аввалроқ “Украинаская правда” газетаси ушбу йиғилишда Буданов "агар ёзгача жиддий музокаралар бўлмаса, Украинанинг мавжудлиги учун жуда хавфли жараёнлар бошланиши мумкинлигини айтгани" ҳақида хабар берганди.
Украина Хавфсизлик хизматига кўра, тергов жараёни “махфий” ёрлиғи остида ўтган ёпиқ йиғилишда бевосита ишониб топширилган маълумотларни ошкор қилган шахсларга нисбатан олиб борилмоқда.