АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари Эронга қарши санкцияларни айланиб ўтишда гумон қилинаётган айрим криптовалюта ҳисобларини дарҳол блокламаслик ҳақида биржа операторларига кўрсатмалар бермоқда. Бу ҳақда Intelligence Online хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, бундай кўрсатмалар америкалик терговчиларга шубҳали ҳисоблар бўйича операцияларни кузатиш ва уларнинг эгалари ўртасидаги молиявий алоқаларни аниқлаш имконини беради.
Манба бу амалиётни разведка маълумотларини тўплаш воситаси деб атаган. Криптовалюта ҳаракати маълум вақт давомида кузатилиб, операция иштирокчилари ўртасидаги боғлиқликлар аниқланади. Шундан сўнг активларни блоклаш ёки мусодара қилиш бўйича қарор қабул қилиниши мумкин.
Intelligence Online маълумотларига кўра, бундай сўровлар Binance ва Coinbase каби криптобиржаларга ҳам юборилган.
Аввалроқ, сентябрь ойида Нью-Йорк Жанубий округи прокуратураси ва ФБР Эрон ҳарбий тузилмалари билан боғлиқ молиявий схемаларда иштирок этгани айтилган икки Хитой компаниясига тегишли 61 миллион долларлик криптоактивларни мусодара қилишни талаб қилган.