Украина ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Андрей Сибига БМТнинг Болалар жамғармаси — ЮНИСЕФнинг Россия ва Украинадаги ҳужумлар оқибатида ҳалок бўлган ва жароҳатланган болалар ҳақидаги баёнотини танқид қилди.
Сибига бу ҳақда 9 август куни X ижтимоий тармоғида ёзди. Гап ЮНИСЕФнинг 4 август куни эълон қилинган, “Россия Федерацияси ва Украинадаги ҳужумларда ҳалок бўлган ва жароҳатланган болалар” ҳақидаги баёноти устида бормоқда.
Украина расмийсининг фикрича, ЮНИСЕФ ўз баёнотида “тажовузкор ва жабрланувчи ўртасида сохта тенглик” яратган. Сибига болаларнинг ҳалок бўлиши Россиянинг Украинага қарши уруши оқибати экани баёнотда кўрсатилмаганини танқид қилди.
ЮНИСЕФ ўз баёнотида Россиянинг Краснодар ўлкасидаги Геленжик курорт шаҳри таркибига кирувчи Архипо-Осиповка қишлоғида пляжда уч нафар бола ҳалок бўлганини ҳам тилга олган.
Сибига эса, мавжуд маълумотларга кўра, бу қурбонларга Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан дроннинг уриб туширилиши сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтган.
“Агентство. Новости” Telegram-канали икки нафар ҳарбий экспертга таяниб, учувчисиз қурилманинг ҳаракат траекторияси унинг пляжда дам олаётган одамлар устига Россия ҳаво мудофааси ҳаракатлари оқибатида тушган бўлиши мумкинлигини кўрсатишини ёзган.
OSINT-таҳлилчи Кирилл Михайловнинг тахминига кўра, ҳодиса мобил ўт очиш гуруҳи фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкин. Айни пайтда ушбу версиялар мустақил равишда тасдиқлангани ҳақида маълумот келтирилмаган.
Украина ТИВ раҳбари вазифасини бажарувчи ушбу ҳодисаларни Россиянинг “ҳарбий жиноятлари” деб атаб, ЮНИСЕФни уларни очиқ қоралашга чақирди.
Шунингдек, у Россияни украиналик болалар ўлимига олиб келаётган ҳужумларни тўхтатишга чақирган.