Украина Ташқи ишлар вазири Андрий Сибига, 15-16 апрель кунлари Туркияда ўтказилиши режалаштирилган Қора денгизда хавфсизлик бўйича Россия билан музокаралар режалаштирилмаганини айтди.
Бу ҳақда TSN бошловчиси Алла Мазур маълум қилди.
"Андрий Сибиганинг айтишича, Анқарадаги учрашув режалаштирилмаган", деб таъкидлади журналист.
Аввалроқ CNN Türk телеканали Туркия Мудофаа вазирлигидаги манбаларига таяниб, Россия ва Украина вакилларининг Қора денгиздаги хавфсизлик масалалари бўйича учрашуви 15-16 апрель кунлари Анқарадаги Ҳарбий-денгиз кучлари қўмондонлиги қароргоҳида бўлиб ўтишини маълум қилганди.
Айни вақтда TRT Haberнинг хабар беришича, йиғилишда айрим хорижий давлатларнинг "ҳарбий вакиллари" ҳам иштирок этиши керак эди.
Қора денгизда ўт очишни тўхтатиш масаласи март ойи ўрталарида АҚШ президенти Дональд Трамп россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилганидан бери муҳокама қилинмоқда. Ҳозирча томонлар бирон бир аниқ масала бўйича келишувга эришмаган.