Украина ҳарбийлари 22 июлга ўтар кечаси Краснодар ва Невинномысскдаги Wildberries логистика марказларига ҳужум қилди, деб хабар берди маркетплейс раҳбари Татьяна Ким. "Афсусдаманки, жабрланганлар бор", — деб ёзди у Telegram ижтимоий тармоғида. Компания ҳар иккала марказ фаолияти тўхтатилганини маълум қилди.
Невинномысскда омбор мажмуаси ёниб кетган, беш киши жабрлангани маълум, деб хабар берди Ставропол ўлкаси губернатори Владимир Владимиров. Ҳокимият маълумотларига кўра, Краснодардаги омбор мажмуасида 10 киши жабрланган.
"Уч киши оғир аҳволда, бир киши ўртача оғирликда. Омборда кечки ҳужум оқибатларини бартараф этиш ва ёнғинни ўчириш ишлари давом этмоқда", — деди Краснодар губернатори Вениамин Кондратьев.
Краснодар ўлкасининг Армавир шаҳрида дронлар нефт базасига ҳужум қилган, кучли ёнғин бошланган, деб хабар берди шаҳар маъмурияти.
Губернатор бир нафар ходим ҳалок бўлганини маълум қилди.
Украина Wildberries логистика марказларига қилинган янги ҳужум бўйича ҳозирча изоҳ бергани йўқ.
Россия Мудофаа вазирлиги эрталаб соат 20:00 дан 8:00 гача мамлакатнинг 16 та ҳудудида, жумладан Краснодар ва Ставропол ўлкалари, аннексия қилинган Қрим, шунингдек Қора ва Азов денгизлари устида 242 та Украина дрони "тутиб олингани ва йўқ қилинганини" эълон қилди.
Краснодардаги омбор мажмуасидаги ёнғинни ўчиришга вертолёт жалб этилади, деб хабар берди ҳудудий тезкор штаб. Невинномысскда фавқулодда ҳолат режими эълон қилинди.