Элмира Охундова,
Озарбайжон халқ ёзувчиси
Уки, кимгадир ортиғи билан берилгай
… Йиллар тез ўтиб боради, ҳар кунимиз тезлашиб боради. Халқнинг севимлиси бўлган Меҳрибон хоним Алиеванинг навбатдаги юбилей ёши ҳам келди. Шунга қарамасдан, гарчи ҳайратомуз даражада бу гўзал ёш аёлга бир боққанда, истар-истамас машҳур рус актрисаси Любов Орлованинг «Мен ҳеч қачон 35 ёшдан ошмагайман!», - дея айтган ифодасини хотирлайман.
Шундай экан, ҳар юбилей, ҳар бир муҳим йил ҳаётдаги муайян даврнинг муайян натижаларини якунламоқ учун бир фурсатдир. Инсон толейининг кескин бурилишли дамларидан, текис-нотекис йўлларидан кўп нарса ортда қолган бўлсада, ҳали олдинда яна кўп нарсалар бор…
Дунёни севги ва яхшилик қутқарадими?
Шу кунларда биз Озарбайжоннинг ижодкор ва илм-фан зиёлилари намояндалари Ҳайдар Алиев фонди ташкил этилишининг 20 йиллик юбилейини нишонлаш мақсадида йиғилган эдик. Муҳташам концерт, одатдагидек, Ҳайдар Алиев фондининг йиллар давомида санъат оламига бахш этган истеъдодли, аллақачон шаклланган ва халқаро оламда танилган мусиқачиларнинг ижролари ила давом этди (уларнинг кўплигини айтмай қўяқолай). Мен эса оркестрнинг ортидаги катта экрандан кўзимни узолмасдим. Меҳрибон хоним болалар уйининг тарбияланувчилари билан қандай самимий муносабатда бўлишини, ҳақиқий оналик меҳр-муҳаббатини кўрсатиб, ғамхўрлик қилишини, улар билан биргаликда расм альбомларини ҳавас билан бўяшини, минг афсуски, тузалмас хасталикларга чалинган «ўзгача» болаларнинг ишонч, хушмуомалалик билан уни қучоқлашларини кузатиб ўтириб, шуни англадимки, «етимлар» уйи, интернат мактаби ёхуд касалхонага ҳар ташрифи унинг юрагида мунгли, кадарли излар қолдиради. Анча пайт кўз ёшларимни сира тўхтата олмадим, кўзларимдан ёшлар йиқилаверди-йиқилаверди. Бу аёл руҳидан нелар кечирганини ва кадар водийсига қилган сафарлари уни руҳий ташвишларга солиб қўйганини тасаввур қилардим. Бироқ, яна эртанги кун бўлгай ва ўзи президенти бўлган Ҳайдар Алиев фонди томонидан барпо қилинган болалар боғчаси (меҳрибонлик уйлари, интернат мактаби, касалхона ва б.) очилиши ҳақида хабар келади. Ва у, юраги яна оғринишига қарамасдан, ўнинчи, балким юзинчи маротабадирки, ўлкамизнинг энг кичик, энг ҳассос ватандошларига бўлган севгиси ва рағбати учун ҳам шундай жойлардан қадамини узмайди. Балки шунинг учун ҳамдирки, Меҳрибон хонимнинг ташаббуси билан Озарбайжонда болалар уйларининг ва бошпаналарининг ташкил этилиши, етимларнинг тўлиқ оилаларга берилиши ҳаракати бошлангандир.
Умуман олганда, Ҳайдар Алиев фонди ташкил қилинганидан ва биринчи хоним мақомига эга бўлганидан кейин Меҳрибон Алиеванинг дунёқараши ва фаолият соҳалари беқиёс, тенгсиз даражада кенгайди. Ҳа, у, Озарбайжон халқининг бой маънавий-маданий меросининг тарғиботи ва тараққиёти масалаларини ҳали ҳозир ҳам эътибордан четда қолдирмайди. Шу билан бирга, унинг фаолиятида инсонпарварлик ва хайрия ҳам устувор йўналиш сифатида етакчилик қилади. Бошқача сўз билан айтганда, у ўз саъй-ҳаракатини ва Фонд ходимларининг фаолиятини аҳолининг энг заиф ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган қатламларига, илк навбатда, хаста болаларга, шунингдек, ота-она қарамоғидан ва меҳр-муҳаббатидан маҳрум, ижтимоий ҳимоядан маҳрум бўлган жажжи ватандошларимиз – дунёнинг энг қимматли туҳфаси бўлган болаларга ёрдам бериш учун сарфлашни ўзининг ватан олдидаги бурчи деб билади.
Биз аллақачон бунга ўрганиб қолдикки, Ҳайдар Алиев фонди хайрия ташаббусларининг акс-садоси Озарбайжоннинг ҳудудларидан ҳам узоқларгача ёйилгай. Лекин, фонднинг президенти, ўлканинг биринчи хоними Меҳрибон Алиеванинг бу йўналишда қилган ишларининг аҳамиятини ҳақиқатан ҳам эътироф этмоқ учун ўз кўзларингиз билан кўришингиз керакдир. Масалан, мен бундайин имкониятни икки маротаба қўлга киритишга муяссар бўлдим. Бир неча йил олдин Астраханда бўлганман ва бу ерда расмий делегация вакилларининг бошқа аъзолари билан биргаликда, капитал таъмирдан сўнг 11-сон ўрта мактабнинг очилишида иштирок этганман. Шу билан бирга Можаристон (ёхуд Венгрия) пойтахтида имконияти чекланган болалар учун янгидан қурилган болалар уйини зиёрат қилишга ҳам мушарраф бўлганман. Ҳайдар Алиев фонди томонидан кўрсатилган ёрдамлардан кейин мазкур болалар муассасаларида янги, янада қулай ва фаровон ҳаёт бошланди.
Биласизми, мен Астрахандаги мактаб очилишида иштирок этарканман, рус болаларининг Озарбайжон ҳақида айтилган шеърларига қулоқ солганимда, Будапештда мактаб ва болалар уйининг деворларида Озарбайжон хариталарини, рамзларини кўрган онимда, устозларнинг, таълим ходимлариниг миннатдорчилик билан сўзлашганини кўрган пайтимда ўлкамизга доир бундайин инсонпарварлик ташаббусларининг чуқур маънога эгалигини тўлиқ англаб етдим. Ҳайдар Алиев фондининг сайёрамизнинг турли мамлакатларида бу каби фидокорона, очиқ-ойдин тарзда қилинган хайрихоҳ ишлари ушбу давлатлар тарихига, ватандошларининг қалбига мангуга ёзилажакдир.
Умуман олганда, Озарбайжонда Ҳайдар Алиев фондининг ташкил этилиши билан янги хайрия эраси бошланганини айтсак, муболаға бўлмас. Чунки унинг президенти ХХ аср бошларида таниқли нефть саноатчилари томонидан асос солинган хайрия ва ҳомийлик анъаналарини қайта тиклади. Албатта, масаланинг моддий томони ҳам ниҳоятда муҳимдир. Бугун фонднинг қайғуриши соясида республикада, айтиш мумкинки, барча меҳрибонлик уйлари ва интернат мактаблари капитал таъмир этилган, қулай ва комфортли мебеллар билан таъминланган, зарур бўлган барча нарсалар билан, шу жумладан, энг замонавий ускуналар ва компьютерлар билан жиҳозлангандир. Ҳайдар Алиев фондининг мамлакатнинг чекка-чекка ҳудудларида қурдирган юзлаб мактабларичи? Бас, собиқ «болалар уйи тарбияланувчиларининг» тўлиқ ижтимоий реабилитацияси ва катта ҳаётга интеграциясичи? Бу мақсадла ота-онаси бўлмаганлар, интернат мактаби битирувчилари учун кўп қаватли биноларнинг қурилиши ҳақида айтмасликнинг иложи йўқ. Нефтчилар касалхонасида туғма юрак етишмовчилиги билан азият чеккан болалар учун маҳаллий ва хорижий мутахассислар томонидан бепул амалга оширилган жарроҳлик амалиётларичи? Бу каби амалиёт ишлари юзлаб амалга оширилган, нафақат юзлаб, балки минглабдир…
Озарбайжон маданиятининг салоҳиятли элчиси
…2015 йилда ўтказиладиган I Европа Ўйинларига таййёргарлик кўриш ишлари учун атиги икки ярим йил муддат ажратилган эди ва бу муддат ичида ўнлаб спорт объектлари замонавийлаштирилиши ёхуд янгидан қурилиши, барча зарурий спорт инфратузилмалари, Олимпия шаҳарчаси, замонавий матбуот марказлари яратилиши ва бошқа ишлар амалга оширилиши керак эди. Мазкур олимпиадада 6000 дан ортиқ спортчининг иштирок этиши, 16 та олимпия ўйинлари бўлиши билан бирга 20 та спорт тури бўйича мусобақаларнинг ташкил этилиши кутилаётган эди.
Олдиндаги ишнинг анча машаққатли бўлишини билган Озарбайжон Президенти жаноб Илҳом Алиев жуда бир оқилона қарор қабул қилди ва 2013 йил 17 январь кунида қабул қилинган ушбу фармонга биноан, 2015 йилда Европа Ўйинларининг Бокуда ўтказилиши бўйича Ташкилий Қўмитага Ҳайдар Алиев фонди президенти, Озарбайжон Миллий Олимпия Қўмитаси Ижроия қўмитаси аъзоси, ЮНEСКО ташкилотининг яхши ниятли элчиси Меҳрибон Алиева раҳбарлик қилди.
Метин иродага ва катта ташкилотчилик қобилиятига эга бу зариф аёлнинг раҳбарлиги остида бутун Озарбайжон жамиятининг қўллаб-қувватлови, кўмагидан руҳланган Ташкилий Қўмита мамлакатда ва хорижда катта кўпчиликнинг имконсиз деб ҳисоблаган ишларини амалга оширди: барча спорт объектларининг барпоси, ҳаттоки, ўз муддатидан аввал тугалланди ва Ўйинларнинг очилишидан аввал 35 та синов тадбирларининг барчаси амалга оширилди.
Меҳрибон Алиева ва унинг кичик жамоаси мунтазам равишда Европанинг катта пойтахтлари – Рома, Лондон, Париж, Афина, Анкара, Берлин, Москвада ўйинларнинг тақдимот маросимларини ўтказди. Бундай ишларнинг барчаси эса ёш, мустақил Озарбайжон Республикасининг ҳам спорт, ҳам иқтисодий, ҳамда маданий ютуқларининг ёрқин намойиши эканлигини айтсак, янглиш бўлмас.
2016 йил 21 январь кунида Лозаннада Европа Олимпия Қўмиталари Ижроия Қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Ижроия Қўмитасининг қарори билан «Боку 2015» биринчи Европа Ўйинларининг Таҳкилий Қўмитаси раҳбари, Озарбайжоннинг биринчи хоними Меҳрибон Алиевага Европада спортнинг ривожланишида кўрсатган хизматлари натижасида эришган юксак муваффақиятлари учун Европа Олимпия Қўмиталарининг олий мукофоти – Олий орден тақдим этилди. Ва бу ҳодисадан бироз муддат аввал, 2015 йилнинг 29 июнида Озарбайжон Президенти биринчи Европа Ўйинларида ғолиб бўлган спортчилар, уларнинг мураббийлари, шунингдек, спорт жамоатчилиги вакиллари билан ўтказилган учрашувда Меҳрибон хоним Алиевани «Ҳайдар Алиев» ордени билан тақдирлади ва бу Озарбайжонда маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва спортнинг юксалишидаги самарали фаолияти, Озарбайжон халқи маданий меросининг халқаро савияда кенг тарғиботи ва биринчи Европа Ўйинларининг ташкил этилишидаги хизматлари, мусобақаларда қўлга киритилган катта ютуқлари учун бир мукофот эди. Ушбу мукофот эса ниҳоятда адолатли бир қарор эди.
Давлатга хизмат қилиш вазифаси
Меҳрибон Алиева ЮНEСКО ташкилотининг, кейинчалик эса АЙСEСКО ташкилотининг яхши ниятли элчиси қилиб сайланганидан сўнг унинг фаолияти нафақат минтақавий, балки глобал миқёсда ҳам кенг кўлам касб этди. Унинг ташаббуси билан Озарбайжон муғоми (мақоми) ва дунёнинг энг кўҳна тарихий-археологик қўриқхонаси бўлган «Қобустон» қадим турар-жой маскани, ошиқ (бахшичилик) санъати ва Озарбайжон калағайи, Наврўз байрами ва от устидаги миллий ўйин бўлган «Чавкан» – жаҳон маънавий мероси рўйхатига киритилган бўлиб, ушбу соҳада 10 дан ортиқ йўналиш мавжуд ва бу рўйхат кенгайишда давом этмоқда.
Муайян муддат учун устувор вазифаларнинг рўйхатини тўғри тартиблаштиришни билган Меҳрибон Алиева ва унинг жамоаси муайян вақтларда Озарбайжоннинг имижи билан боғлиқ муаммоларнинг ижобий ечимига ҳам эътибор қаратди. Бу эса жуда мантиқий қадам эди. Мамлакат кучайди, юксалди, бой ва нуфузли давлатга айланди, борган сари мустақил геосиёсий ва геоиқтисодий жиҳатдан халқаро майдонда чиқиш қилди. Шундай экан, республикамиз, унинг бой маданияти ва одат-анъаналари, ўтмиши ва бугунги куни ҳақида бутун дунёда тўғри тасаввурларнинг шаклланиши ниҳоятда муҳим, долзарб масаладир. Бу эса Ҳайдар Алиев фондининг ва унинг раҳбарининг сўнгги 10 йилда буюк муваффақият билан ҳал қилган масаласи бўлди. Европанинг марказида кўргазмаларнинг ва Озарбайжон Маданияти кунларининг ўтказилиши, узоқ-яқин давлатларда хайрия тадбирлари (Россияда мактабларнинг барпоси, Европада меъморчилик ва музей экспонатларининг барпоси), «Боку» журналининг халқаро майдонда тақдимотлари ва бошқа амалга оширилган ишлар билан бу вазифага тўлалигича хизмат қилди.
Айни вақтда, Меҳрибон Алиеванинг ўзи ҳам таъкидлаганидек, бу тадбирларнинг ҳар бирида фонднинг вакиллари Озарбайжоннинг тарихий ҳақиқатларини дунё ҳамжамиятининг эътиборига ҳавола қилишга ҳаракат қилганлар. Меҳрибон хоним ҳамиша энг нуфузли аудиторияларда Тоғли Қорабоғ, ўлкамиз ҳудудининг 20 фоизи ишғол остида экани, бир миллион озарбайжонликнинг қочқин бўлгани, мажбурий кўчиб юрувчига айлангани ҳақида сўз очган. У ушбу ҳудудларда 900 га яқин маданий, диний, тарихий обидаларнинг вайрон бўлганини катта дард, юрак оғриғи билан таъкидлар эди. Дарҳақиқат, ҳали орадан бир неча йиллар ўтгай ва Қорабоғ босқиндан озод этилгач, бутун дунё ҳамжамияти буларнинг барини ўз кўзлари билан кўргайдир.
Катта спорт – буюк сиёсат
“Меҳрибон хоним учун албатта, осон бўлмагай, табиийки, уйқуни, оромни унутадиган бўлади, табиийки, иш унинг оиласи – умр йўлдоши, фарзандлари, набиралари учун ажрата оладиган вақтининг катта қисмини қўлидан олиб қўяди. Бироқ, у ўз танловини қилиб бўлди ва ишончим комилки, у буларнинг ҳаммасини уддалай олади, ҳаммаси яхши бўлади. Чунки бу тенгсиз аёл ўз ҳаёт йўли давомида Яратган Эгам томонидан инсонга тақдим этилган энг юксак инсоний фазилатларга эга аёлдир. Депутатлар олдидаги чиқишида унинг ўзи ҳам буни алоҳида таъкидлаган эди: «Виждон, лаёқат, марҳамат, хушният, адолат ва ўзаро ҳурмат». Ва у дарҳақиқат, муваффақият қозонади, чунки у ҳақиқатан ҳам халқ қўллаб-қувватловини ҳис қилади. Бу қўллаб-қувватлов, бу меҳр унга бу дунёга келгандаги миссиясини давом эттиришида катта куч бергайдир”.
Эртанги кун эса уруш бўлди…
Қорабоғ орзусидаги уруш 44 кун давом этди. Бу жанг қисқа, қатъиятли ва ғалабали жанг бўлди. Биз Илҳом Алиев ва Меҳрибон Алиевани бирлаштирган қариндошлик ришталарининг кучини, муқаддаслигини, катта аҳамиятини урушнинг ўшал кунларида, урушдан кейин ҳам тўлиқ англаб етдик. Фақат ўзлари учун эмас, бутун халқимиз учун. Тўпнинг, милтиқларнинг ўқи ҳали тўхтамасидан туриб, Алиевлар ўз автомобилларида ҳеч чарчамасдан, ҳеч толмасдан Қорабоғнинг босқиндан озод этилган қишлоқ ва шаҳарларини кеза бошладилар. Очиғини айтадиган бўлсак, қишлоқ ва шаҳарларнинг харобаликларини, вайрон бўлганини кўрдилар. Чунки бир пайтлари гуллаб-яшнаган, обод бўлган ўлкада «энг қадимий халқ» соясида ер юзида ниҳоятда кам нарсалар қолган эди. Суратга олиш ишларини Меҳрибон хоним олиб бораркан, ўша кунлари 10 миллионлик халқимиз яна бир ишғолдан озод этилган шаҳардан навбатдаги репортажни сабрсизлик билан кутарди ва Президент бу саёҳатлар вақтида кўрганларини репортажлар орқали шарҳлар эди. Ва бу қисқа репортажлар 30 йиллик ғалабани интизорлик билан кутиб дили оғринган ватандошларимизга ҳаёт бахш этган бир малҳам бўларди.
Биз улардан ҳам ортиқ безовта бўлардик, чунки атрофда хавф-хатарли, ҳалокатли, ҳали миналардан тозаланмаган катта ҳудудлар бор эди ва шунинг учун ҳам кўпчилик хавфсизлик нуқтаъи назаридан ушбу саёҳатларга қарши эдилар. Аммо Яратган Эгам бу жуфтликни ҳимоя қиларди, ўз паноҳида асрарди. Меҳрибон хоним бу синовли кунларда ҳам, ундан кейинги дамларда ҳам ҳамиша Президентнинг ёнида унинг қўлидан маҳкам ушлаганча, далда бўларди: «Мен шу ердаман, ҳамиша сенинг ёнингда бўламан – севинчда ҳам, кадарда ҳам ва маънавий юксалишнинг ҳар лаҳзасида…» У онлар мамлакат Президенти ва унинг хоними ила биргаликда биз бошдан кечирган ҳақиқат ва энг юксак катарсис онлари эди.
Ва ундан кейин биринчи вице-президентнинг машаққатларга тўла ҳаёти янгидан бошланди… Шаҳид оилалари, ярадор аскарлар ва зобитлар билан мунтазам учрашувлар, уларни зиёрат қилишлар… Меҳрибон хоним маҳзун, сочлари ғамдан оқарган ёш оналарни қучоқлади, бағрига босди; Меҳрибон хонимнинг кўзлари қайта ёшланди, у бу кўз ёшларини яна яширишга урингани билан буни уддалай олмади. Ва бу кадрларни кузатиб, баримиз йиғладик: аёлларда, эркакларда…
Ғалабадан бироз ўтгач, Буюк Қайтиш ва Буюк Қурилиш, бунёдкорлик ишлари бошланди. Президент билан биргаликда Озарбайжоннинг Биринчи вице-президенти Меҳрибон Алиева ҳам бу жараённинг бошида турди. Қорабоғнинг барпо этилган ҳар бир обидасида, ҳар бир масжидида ёхуд музей мажмуасида биринчи хонимга хос нозик дид ва ҳайратомуз назокат ҳисси сезилар эди. Шушада бир пайтлари барбарлар тарафидан ўққа тутилган Нотавоннинг, Узейир Ҳожибековнинг, Булбулнинг ёдгорликлари янгидан ўз ўрнига қайтди, Воқифнинг оқ мақбараси Шеърият кунлари ўтказилишини истаб юрган маданият ходимларига ўз эшикларини очди, янгидан жонланган Юқори Гавҳар Оға (Юхарı Гöвҳəр Аğа) масжиди ўз кичик омонатларини бағрига олди.
2017 йил 21 февралда Меҳрибон Алиева мамлакатдаги иккинчи муҳим давлат вазифасига – Озарбайжоннинг биринчи вице-президенти лавозимига тайинланди. Бу тайинлов эса кутилган эди, чунки биринчи хонимнинг ижтимоий-сиёсий фаолиятини қўллаб-қувватлаган, рағбатлантирган Илҳом Алиев уни аста-секинлик билан янги бир миссияга, давлат хизмати вазифасига тайёрлади. Меҳрибон Алиева маънавий жиҳатдан тайёр бўлганида, халқнинг юксак ишончини қозонганида, шу кунгача бўлган барча фаолияти билан халқаро майдонда ўз таъсирини сўзсиз исботлаганидагина ушбу юксак лавозимни қўлга киритди. Шу билан бирга, Озарбайжон халқи етакчиси Ҳайдар Алиев ҳам ўз ворисини тайёрлаб, уни энг масъулиятли фаолият соҳаларидаги вазифага тайинлади, мустақил қарорлар қабул қилишга, давлатнинг юзлашган барча хавф-хатар, таҳликаларининг уддасидан чиқиб, уларни бартараф этишга ундарди.
Дарҳақиқат, ҳам давлат масъулиятидаги оғир юкнинг ярмини ўз елкасига ортган президентнинг, ҳамда биринчи хонимнинг бу жасоратини кўриб, фақатгина ҳайратланиш мумкин. У давлат учун ҳеч ҳам яхши бўлмаган бир даврда – тупроқларимизнинг ишғоли ҳали ҳам давом этаётгани, кутилмаган постнефт даври янги, фавқулодда қарорлар, ташаббуслар ва бутун давлат механизми чуқур ислоҳотлар қилишни талаб этаётган бир даврда ушбу юксак лавозимга тайинланди. Лекин, Меҳрибон хонимнинг ўзи учун устувор бўлган вазифалар аниқ белгиланган эди, негаки у бу каби масаларнинг ечим топиши жараёнида аввалдан ҳам иштирок этарди. Унинг сўзларга кўра, булар авваламбор, инсонийлик тамойиллари, инсонлар билан мулоқотда бўлмоқлик, уларни тинглай олишликдир, буларнинг барчаси хайрия, марҳамат ва ўзаро ҳурматдир. Меҳрибон хоним комил ишонч билан таъкидлайдики: «Бу маънавий қадриятларни дилга жойлаб, буюк ғалабаларга эришмоқ ва юксак чўққиларни забт этмоқ мумкин».
2017 йилнинг 7 март кунида Меҳрибон Алиева ҳамкасблари билан хайрлашиш ва депутат сифатида амалга оширилган ишларнинг ҳисоботини бериш учун Миллий Мажлисга келади. Унинг қисқа бир нутқи, Миллий Мажлис аъзолари билан хайрлашиши (табиийки, рамзий маънода) дарҳақиқат, «ҳақиқатлар они»га айланди. Бизлар Меҳрибон хонимнинг ўзи эътироф этиб айтганидек, 12 йил мобайнида у учун «катта ҳаёт мактаби»га айланиб улгурган қонун чиқарувчи органга дилидаги ҳурматининг ифодаси бўлган нутқининг самимийлигини юксак баҳоладик.
Биз биринчи вице-президент ва унинг ҳамкасблари томонидан ҳамиша қўллаб-қувватланган, парламентнинг ялпи мажлисларида тасдиқланган қонунчилик ташаббусларини биринчи хоним билан биргаликда хотирладик: 40 мингга яқин инсоннинг озодликка чиқарилгани, 4 та Амнистия акти, соғлиқни сақлаш соҳасида тақдим қилган қонун лойиҳалари, Хазар туманининг депутати этиб сайланганида олиб борган ободлик ишларининг кўлами… Меҳрибон Алиеванинг айтганига кўра, унинг депутат сифатида қўлга киритган бу тажрибалари ҳақиқатан ҳам сўз билан таърифлаб бўлмайдиган бир жараёндир ва бу тажрибалар «Озарбайжон мустақиллигининг ҳимоя қилиниши, давлатимизнинг ҳар томонлама юксалиши йўлида» келгусидаги фаолияти давомида унга катта дастак бўлажакдир.
…Меҳрибон Алиеванинг мамлакатда иккинчи муҳим вазифага тайинланиши Озарбайжон аёллари томонидан севинч ва илҳом билан қарши олинди. Бу ҳодиса аёлларимизнинг қадр-қимматини оширди, Озарбайжонда аёлларнинг юксак давлат вазифаларига кўтарилиши учун бир туртки бўла олди. Ўшал ҳаяжонли кунларда мақолаларимнинг бирида шундай дея ёзгандим:
У бир қўлига муқаддас «Қуръони-Карим» китобини олди, бир қўли билан эса изтиробли деворларга тегди ва унинг гўзал кўзларида бахтиёрлик кўз ёшлари (яна бу тарихий кунларда!) жилоланди.
«Биз қайтдик, азиз Шуша! Биз қайтдик, биз бу ерга абадий қайтдик».
Ҳақиқатан ҳам, фақат кучли характерларгина эзгуликка хизмат қилишнинг ўзлари учун энг қийин йўлини танлагайлар. Бу йўл эса маъбадга олиб боришга қодирдир.