Аввалги ҳадисларда қиз фарзандлар зикр қилинган бўлса, бу ҳадис сингилларни тарбиялаш ҳақида келган. Яъни ота-она йўқ бўлган чоғда уларнинг ўрнини босишнинг фазли ҳақида сўз юритилган.
79. Абу Саъид Худрийдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Учта қизи ёки учта синглиси бўлиб, уларга яхшилик қилган одам албатта жаннатга киради», дедилар».
Шарҳ: Ҳаётда нималар бўлмайди, дейсиз. Гоҳида опа-сингиллар ака-укаларнинг қарамоғида қолиши ҳам бор. Ота бор бўлса, у масъул бўлар эди. Аммо отаси йўқ аёл зоти қаровсиз қолади, деган гап Исломда йўқ. Ота бўлмаган чоғда ака ёки ука опа-сингилни қарамоғига олиши шариат ҳукми бўйича собит бўлади. Лекин бу гап опа-сингиллар ака-укаларнинг мурувватига муҳтож бўлиб қолади, дегани эмас. Чунки бу имконият ака ёки укасидан бошқа боқувчиси, қаровчиси бўлмаган опа-сингилга Аллоҳ таоло томонидан берилган ҳақдир. Ака-ука бу масъулиятдан қочиши мумкин эмас. Агар улар номардлик қилиб, бу масъулиятдан қочадиган бўлсалар, жамият қонун кучини ишга солиб, опа-сингилларнинг ҳақларини олиб беради.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Уч қизига яхшилик қилган одам жаннатга кириши.
2. Уч синглисига яхшилик қилган одам жаннатга кириши.
Manba: islom.uz