АҚШ президенти Доналд Трамп Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ҳақида гапирди.
Унинг сўзларига кўра, шаҳзода уни иккинчи президентлик муддати бошланишидан олдин жиддий қабул қилмаган.
«У менга қараб шундай деди: “Ажабланарли, бир йил олдин сизлар ҳалокат ёқасидаги давлат эдинглар, ҳозир эса дунёдаги энг хавфли давлатга айландинглар”. У бу воқеалар рўй беришини кутмаган эди», — деди Трамп улар ўртасидаги сўнгги учрашувни эслар экан.
Шундан сўнг, Трамп Ар-Риёд Вашингтон билан мулоқот услубини ўзгартириши кераклигини қўшимча қилди.
«У менинг кетимни ўпишга мажбур бўлишини ўйламаган эди. Ростдан ҳам ўйламаган. У мени оддий навбатдаги омадсиз президент деб ҳисоблаган», — деди у.
Трампнинг айтишича, энди Саудия Арабистони унга нисбатан «одобли» бўлишга мажбур бўлади.
Аввалроқ The New York Times нашри Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Трампни Эронга қарши ҳарбий операцияни тўхтатмасликка кўндиришга уринаётгани ҳақида ёзган эди. Манбаларга кўра, шаҳзода ўтган ҳафтадаги бир нечта мулоқотларда АҚШ президентидан ҳарбий кампанияни давом эттиришни талаб қилиб, бу Яқин Шарқни қайта шакллантириш имконини бериши мумкинлигини таъкидлаган.
Шунингдек, Саудия шаҳзодаси Эрон Форс кўрфази мамлакатлари учун узоқ муддатли таҳдид бўлиб қолаётганини ҳам қайд этган.